Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Технологиялар

IT Park Ventures Ўзбекистон стартапи DOMO’га инвестиция киритди

Дилафруз Ниязова · 26.08.2026 · 18:15 · 50 views
IT Park Ventures Ўзбекистон стартапи DOMO’га инвестиция киритди
IT Park Ventures Ўзбекистон стартапи DOMO’га инвестиция киритди / Фото: IT Park Ventures.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — IT Park Ventures Ўзбекистоннинг коммунал хизматларни тўлаш ва бошқаришга мўлжалланган рақамли сервиси — DOMO стартапига инвестиция киритганини маълум қилди. Битим ҳақида Silk Road Finance & Technology Forum доирасида эълон қилинди.

DOMO коммунал тўловларни ягона рақамли муҳитда бирлаштиради. Фойдаланувчилар хизматлар ҳақини тўлаши, истеъмол ва харажатларни кузатиши, бир нечта кўчмас мулк объектини улаши ҳамда автоматик тўловларни созлаши мумкин. Платформа, шунингдек, истеъмолни таҳлил қилиш ва харажатларни бошқариш воситаларини тақдим этади.

Компания маълумотларига кўра, ҳозирда DOMO’да 2,3 миллиондан ортиқ фойдаланувчи рўйхатдан ўтган. Сервиснинг ойлик фаол аудиторияси 1,5 миллион, кунлик фаол аудиторияси эса қарийб 700 минг фойдаланувчини ташкил этади.

DOMO жалб қилинган инвестицияларни маҳсулотни янада ривожлантириш ва бизнесни масштаблаштиришга йўналтиришни режалаштирмоқда. Хусусан, маблағлар хизматнинг қамров ҳудудини кенгайтириш, савдо ва ҳамкорлик тармоғини ривожлантириш, маркетинг, жамоани кучайтириш ҳамда IT инфратузилмасини ривожлантириш учун сарфланади.

IT Park Ventures директори Далерхон Нодиров DOMO’нинг технологик базаси ва стартапни масштаблаштириш салоҳиятини таъкидлади.

«Биз DOMO’да сифатли технологик база ва масштаблаштириш истиқболини қадрлаймиз. Ҳозирда жамоа HomeTech соҳасини фаол ўзлаштирмоқда. Бу катта ва истиқболли йўналиш бўлиб, унда фойдали ечимлар учун ҳали кўп имкониятлар бор. Биз жамоага ишонамиз ва ҳамкорлигимиз уларга янада ишонч билан олдинга ҳаракат қилишда ёрдам беради, деб умид қиламиз», — деди Нодиров.

DOMO асосчиси Алишер Тожиев IT Park Ventures билан ҳамкорлик компанияга сервисни кўпроқ фойдаланувчилар учун тезроқ, қулайроқ ва ҳамёнбоп қилиш имконини беришини айтди.

«DOMO ҳар куни минглаб оилалар учун коммунал хизматлар ҳақини тўлашни осонлаштирмоқда. IT Park Ventures билан ҳамкорлик сервисни кўпроқ фойдаланувчилар учун тезроқ, қулайроқ ва ҳамёнбоп қилиш имконини беради. Инвестиция нафақат олдимизда янги имкониятлар очади, балки масъулиятимизни ҳам оширади», — деди Тожиев.

IT Park Ventures маълум қилишича, мазкур битим фонднинг инвестиция фаолияти ва Ўзбекистондаги технологик лойиҳалар билан ишлаш жараёнининг навбатдаги натижаси бўлди.