Испания Португалияни енгиб, чорак финалга чиқди
Испания Португалияни енгиб, чорак финалга чиқди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Испания терма жамоаси 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати 1/8 финалида Португалияни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, сўнгги 16 йил ичида илк бор жаҳон чемпионатининг чорак финалига йўл олди.
Учрашув АҚШнинг Техас штатидаги Арлингтон шаҳрида бўлиб ўтди. Испанияга ғалабани иккинчи бўлимга қўшиб берилган биринчи дақиқада гол урган Микель Мерино тақдим этди.
Чорак финалда Испания АҚШ ва Бельгия терма жамоалари ўртасидаги баҳс ғолиби билан куч синашади.
Испания дарвозабони Унаи Симон жаҳон чемпионатларида терма жамоанинг рекорд даражадаги қуруқ сериясини давом эттирди. Бу серия 2022 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг сўнгги учрашувидан бери 609 дақиқани ташкил этмоқда. Испания шу пайтга қадар турнирда бирорта ҳам гол ўтказмаган ягона жамоа бўлиб қолмоқда.
Шунингдек, испанияликлар асосий вақтдаги мағлубиятсиз сериясини 36 учрашувга етказди. Жамоа охирги марта 2023 йил 28 март куни Евро-2024 саралаши доирасида Шотландияга 0:2 ҳисобида мағлуб бўлган эди. Бу давр мобайнида Испания 2025 йил июнь ойида Миллатлар лигаси финалида Португалияга имкониятни бой берган, бироқ ўша баҳснинг асосий вақти 2:2 ҳисобида якунланган ва ғолиб пенальтилар сериясида аниқланган.
Испания 2010 йилдаги ғолибона жаҳон чемпионатидан кейин илк бор мундиал чорак финалига чиқди. Жамоа 2014 йилги мусобақада гуруҳ босқичидан чиқа олмаган, 2018 ва 2022 йилги жаҳон чемпионатларида эса 1/8 финалда мос равишда Россия ва Марокашга пенальтилар сериясида мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этган эди.
2026 йилги жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказилмоқда. Турнир тарихида илк бор унда 48 та миллий терма жамоа иштирок этмоқда. Мусобақа финали 19 июль куни бўлиб ўтади.