Ижтимоий реестрдаги ишловчи оналарга нафақа бир йилгача тўланади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда Ижтимоий реестрга киритилган ишловчи оналарга боласи бир ёшга тўлгунга қадар Ижтимоий суғурта жамғармасидан нафақа тўланади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 3 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилди.
Давлат раҳбари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига йил якунига қадар фуқароларни Ижтимоий реестрга киритишнинг амалдаги тизимини қайта кўриб чиқишни топширди. Эҳтиёжмандликни фақат даромад даражаси асосида баҳолаш ўрнига кўп мезонли ёндашувдан фойдаланиш режалаштирилмоқда.
Янги мезонларда сурункали касалликлар, ногиронлик, бир нечта фарзанднинг мавжудлиги, шунингдек, оила аъзоларининг хорижда ишлаётгани ҳисобга олинади. Бундай ёндашув эҳтиёжманд оилаларни аниқроқ белгилаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш қамровини кенгайтириш имконини бериши кутилмоқда.
Президентнинг таъкидлашича, мамлакатда камбағаллик даражаси 3,9 фоизгача пасайган. Шу билан бирга, уч ёшгача бўлган фарзандларни тарбиялаётган оилалар орасида бу кўрсаткич ўртача 6,5 фоизни ташкил этмоқда.
«Биз фарзандларига қарайдиган ота-оналарга уйида ёки ўз маҳалласида ишлаш ва даромад олиш имконини берадиган тизимни йўлга қўямиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Алоҳида чора сифатида Ижтимоий реестрга киритилган ишловчи оналарга нафақа тўлаш белгиланади. Маблағлар бола бир ёшга тўлгунга қадар Ижтимоий суғурта жамғармасидан ажратилади.
Йиғилишда меҳнатга лаёқатли аъзолари бўлмаган кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Жорий йилда бундай оилаларни «пассив даромад» билан таъминлашга қаратилган ижтимоий пакет учун 300 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Йиғилишда келтирилган маълумотларга кўра, ҳозирга қадар 11 мингта оила қўллаб-қувватланган. Уларнинг қарийб ярмида ёрдам кўрсатилганидан сўнг даромадлар сезиларли даражада ошган. Президент ушбу тизимни давом эттириш бўйича қарор лойиҳасини бир ҳафта ичида тайёрлашни топширди.
2027 йилдан бошлаб Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандлари учун ваучер тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Ваучерлар давлат ва хусусий боғчаларга бориш, ўқув марказларида таълим олиш, йўл ҳақи ҳамда олий таълим муассасалари ётоқхоналарида яшаш харажатларини қоплаш имконини беради.
Ваучер 12 ой муддатга берилади. Бунда оила кейинчалик Ижтимоий реестрдан чиқарилган тақдирда ҳам ваучернинг амал қилиши тўхтатилмайди.
Ижтимоий реестр фаолияти масалалари июль ойидаги йиғилишда ҳам муҳокама қилинган эди. Ўшанда бир ой давомида 184 та маҳаллада эҳтиёжманд оилалардан берилган 2 мингта аризанинг барчаси рад этилгани қайд этилган.
Асоссиз рад жавоблари туфайли оилалар ижтимоий ёрдам олиш, шунингдек, фарзандларини боғчалар ва тўгаракларга жойлаштириш имкониятларидан фойдалана олмаган.
Президент бундай амалиётни танқид қилиб, Бош прокуратурага Ижтимоий реестрни юритиш устидан назоратни кучайтиришни топширган.