Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Германия президенти расмий ташриф билан Тошкентга келади

UzDaily · 15.06.2026 · 10:20 · 28 views
Германия президенти расмий ташриф билан Тошкентга келади

Германия президенти расмий ташриф билан Тошкентга келади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер 2026 йилнинг 17–18 июнь кунлари Ўзбекистонга расмий ташриф билан келади. Бу ҳақда Германия президенти матбуот хизмати маълум қилди.

Ўзбекистонга ташриф Франк-Вальтер Штайнмайернинг Осиё бўйлаб кенг кўламли сафари доирасида амалга оширилмоқда. Ушбу сафар давомида Германия раҳбари Индонезия ва Филиппинга ҳам ташриф буюрган. Сафарда унга турмуш ўртоғи Эльке Бюденбендер ҳамроҳлик қилмоқда.

Штайнмайер Тошкентга етиб келгач, уни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олади. Ташрифнинг биринчи куни дастуридан Ўзбекистон Мустақиллиги монументи пойига гулчамбар қўйиш маросими ўрин олган. Шундан сўнг Кўксарой қароргоҳида давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев билан ҳарбий шараф кўрсатиш маросими иштирокида расмий учрашув бўлиб ўтади.

Икки давлат президенти ўртасидаги музокараларнинг асосий мавзуси икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий шерикликни кенгайтириш масаласи бўлади.

Учрашув якунлари бўйича давлат раҳбарлари иштирокида Германия савдо делегацияси вакиллари Ўзбекистонда немис компаниялари иштирокида амалга ошириладиган қатор лойиҳалар бўйича келишувларни имзолайди.

Икки мамлакат ўртасидаги дўстлик рамзи сифатида Франк-Вальтер Штайнмайер ва Шавкат Мирзиёев президент қароргоҳи боғида биргаликда дарахт экишади. Кечқурун Ўзбекистон президенти немис меҳмони шарафига расмий қабул уюштиради.

Ташрифнинг иккинчи куни дунёдаги энг йирик ислом маданияти музейи сифатида таърифланган Ислом цивилизацияси марказига ташриф билан бошланади. Шунингдек, Штайнмайер Германиянинг қурилиш соҳасидаги GP Günter Papenburg компаниясининг Ўзбекистондаги бўлинмасида бўлиб, малакали мутахассислар меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган тадбирда иштирок этади.

Учрашув давомида Германия президенти ўқувчилар, немис компаниялари вакиллари ҳамда мураббийлар билан мулоқот қилади. Дастур якунланганидан сўнг Штайнмайер Берлинга жўнаб кетади.

Ташриф икки мамлакат ўртасидаги сиёсий алоқаларни мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, шунингдек таълим ва малакали кадрларни жалб қилиш соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган. Сафар давомида Германия президентига савдо делегацияси ҳам ҳамроҳлик қилмоқда.

UzDaily · 👁 28 views · 15.06.2026 · 10:20