Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда 13 сентябрь куни GEOMIN-2026 тадбирлари доирасида «Замонавий геология: сиёсат, технологиялар, минтақавий тадқиқотлар ва инсон капитали» мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда қатор мамлакатларнинг геология хизматлари, илмий ташкилотлари ва соҳавий идоралари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова очиб берди. Давра суҳбатида Ўзбекистон, Франция, Финляндия, Буюк Британия, Нидерландия, Қозоғистон, Миср, Туркия, АҚШ ва бошқа давлатлардан мутахассислар, шунингдек, халқаро касбий ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Муҳокаманинг асосий мавзуларидан бири геология соҳасини рақамли трансформация қилиш бўлди. Иштирокчилар геологик, геофизик ва геокимёвий маълумотларни қайта ишлаш, турли тадқиқот усулларини бирлаштириш, уч ўлчамли моделлар яратиш ҳамда рақамли эгизакларни ишлаб чиқишда сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқди.
Феруза Ҳамидова Ўзбекистонда тўпланган геологик материалларни рақамли форматга ўтказиш ва уларни Миллий геологик маълумотлар базасига бирлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Маълумотларни стандартлаштириш ва уларнинг ўзаро мослигини таъминлаш, замонавий рақамли воситаларни жорий этиш, шунингдек, геологик қидирув ишларини олиб боришда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Танқидий минераллар, ресурсларни таснифлаш ва ҳисобот стандартларини такомиллаштириш билан боғлиқ масалалар ҳам алоҳида муҳокама қилинди.
Иштирокчилар халқаро инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, геологик маълумотлардан фойдаланиш имкониятини ошириш ва янги лойиҳаларни жалб этишда миллий геология хизматларининг ўрнини ҳам муҳокама қилди.
Яна бир йўналиш инсон капиталини ривожлантириш бўлди.
Соҳа вакиллари ёш мутахассисларни тайёрлаш, халқаро таълим ва илмий-тадқиқот дастурлари, шунингдек, геоинформатика, маълумотлар таҳлили ва уч ўлчамли моделлаштиришни таълим дастурларига жорий этиш масалаларини кўриб чиқди.
Давра суҳбати якунлари бўйича томонлар геология хизматлари ва илмий ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олди.