Фарғонада агроэкспорт лойиҳаси ривожи муҳокама қилинди
Фарғонада агроэкспорт лойиҳаси ривожи муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Нуриддин Мамажонов Бешариқ туманида Беларусь, Латвия ҳамда Польша инвесторлари иштирокида амалга оширилаётган меваларни қайта ишлаш, қуритиш, қадоқлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган “Beshagro Smakarol” қўшма корхонаси вакилларини қабул қилди.
Мулоқот давомида инвесторлар томонидан амалга оширилаётган ишлар, корхонанинг ишлаб чиқариш имкониятлари, экспорт салоҳияти ҳамда кутилаётган иқтисодий натижалар юзасидан батафсил маълумот тақдим этилди.
Лойиҳа доирасида хўл меваларни қуритиб қадоқлаш, шунингдек, улар асосида шоколад маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши режалаштирилган. Натижада мавжуд иш ўринлари сони 50 тадан 200 тагача оширилиб, касаначилар сони 500 нафарга етказилади. Тайёр маҳсулотларни Европа давлатларига экспорт қилиш кўзда тутилган.
Учрашувда мазкур лойиҳани амалга ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган ташаббуслар вилоят ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланиши таъкидланди. Шунингдек, корхонани қисқа муддатларда ишга тушириш учун барча зарурий амалий ёрдам кўрсатилиши билдирилди.