Фарғона вилояти Чунгбу университети билан ҳамкорликни кенгайтиради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ва Чунгбу университети таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди. Ҳамкорлик доирасида қўшма дастурларни амалга ошириш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш, шунингдек, илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик қилиш режалаштирилмоқда.
Келгусидаги ҳамкорлик масалаларини Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Чунгбу университети президенти, профессор Ли Жонг Ёль билан муҳокама қилди.
Учрашувда Фарғона шаҳридаги Корея халқаро университети ва Чунгбу университети ўртасидаги қўшма таълим дастурини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар ёшларга Корея Республикасида замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаш, шунингдек, халқаро таълим тажрибасини орттириш имконини бераётган мазкур ташаббус доирасидаги ишлар натижаларини қайд этди.
Учрашув иштирокчилари ҳамкорликни фаоллаштириш, қўшма таълим дастурлари рўйхатини кенгайтириш ва янги йўналишлар бўйича ҳамкорликни бошлашга келишиб олди.
Чунгбу университети Корея Республикасидаги тўрт йиллик олий таълим муассасаси бўлиб, Коян шаҳрида кампусига эга. Олийгоҳ халқаро бизнес ва бизнес бошқаруви, халқаро савдо, мактабгача ва махсус таълим, архитектура ва фуқаролик қурилиши, дастурий инжиниринг, ўйин дастурларини ишлаб чиқиш, ахборот хавфсизлиги, ахборот-коммуникация технологиялари, электротехника ва электроника, автомобилсозлик муҳандислиги, саноат дизайни ва бошқа йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлайди.
Университет Ўзбекистон фуқароларига бакалавриат, магистратура ва PhD дастурлари бўйича таҳсил олиш имконини тақдим этади. Қабул жараёнида корейс тили бўйича TOPIK ёки инглиз тили бўйича IELTS сертификатлари инобатга олинади. Шунингдек, Ўзбекистонда абитуриентлар учун суҳбатлар ўтказилади.
Талабаларга тақдим этиладиган молиявий кўмак миқдори уларнинг билим даражаси ва академик натижаларига боғлиқ. Университет грант ва стипендиялар тақдим этади, айрим ҳолларда улар таълим қийматининг 100 фоизигача бўлган қисмини қоплайди.
Музокаралар якунлари бўйича томонлар Фарғона вилояти ва Чунгбу университети ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришни давом эттириш, амалдаги қўшма таълим дастурларини такомиллаштириш ҳамда ўзаро манфаатли янги ташаббусларни амалга оширишга келишиб олди.