Фарғона ва Перм ўлкаси ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Фарғона ва Перм ўлкаси ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Нуриддин Мамажонов Россиянинг Пермь ўлкаси тадбиркорларидан иборат делегация билан учрашув ўтказди
Учрашувда Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани, давлат раҳбарлари ўртасидаги очиқ ва ишончли мулоқотлар ҳудудлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Мулоқот чоғида вилоятнинг саноат салоҳияти, экспорт имкониятлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, Пермь ўлкаси билан саноат кооперациясини ривожлантириш, қурилиш, таълим, текстиль йўналишларида қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини йўлга қўйиш, экспорт ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Савдо-саноат палаталари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, бизнес форумлар, B2B учрашувлар ва кўргазмаларни мунтазам ташкил этиш юзасидан таклифлар алмашилди. Бу каби тадбирлар янги инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ва ўзаро савдо айланмасини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Учрашув якунида мавжуд имконият ва салоҳиятдан самарали фойдаланиш, ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ҳудудлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш борасидаги ишларни жадаллаштиришга келишилди.