Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Экопартия Тошкентда «яшил бекатлар» ташкил этишни таклиф қилди

UzDaily таҳририяти · 16.07.2026 · 19:50 · 27 views
Экопартия Тошкентда «яшил бекатлар» ташкил этишни таклиф қилди

Экопартия Тошкентда «яшил бекатлар» ташкил этишни таклиф қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳрида автобус бекатларини янада қулай ва экологик жиҳатдан самарали қилишни назарда тутувчи «Яшил бекат» пилот лойиҳасини амалга оширишни таклиф қилди.

Партияда таъкидланишича, BRT йўлакларининг жорий этилиши жамоат транспорти самарадорлигини ошириш, тирбандликларни камайтириш ва автобуслар ҳаракатини тезлаштириш йўлида муҳим қадам бўлди. Шу билан бирга, ташаббус муаллифлари фикрича, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш йўловчилар учун транспорт кутиш вақтида қулай шароитлар яратиш билан бирга олиб борилиши лозим.

Хабарда қайд этилишича, ёзги юқори ҳарорат шароитида кўплаб янги бекатлар қуёш нурларидан етарли даражада ҳимоя қилмайди. Бу эса йўловчилар, айниқса, кексалар, болалар, ҳомиладор аёллар ва соғлиғида муаммоси бор фуқаролар учун ноқулайликлар туғдиради.

Пилот лойиҳа доирасида 10 тадан 20 тагача автобус бекатини кенг соябонлар, иссиқликни қайтарувчи қоплама, қуёш панеллари, энергия тежамкор LED ёритиш тизими ва табиий шамоллатишни таъминловчи очиқ конструкциялар билан жиҳозлаш таклиф этилмоқда. Шунингдек, қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар экиш ҳам режалаштирилган.

Бундан ташқари, айрим бекатларда велосипедлар учун тўхташ жойлари ва ёмғир сувини йиғиш тизимларини ўрнатиш таклиф қилинмоқда.

Экологик партияда таъкидланишича, таклиф этилаётган ечимлар Тошкентнинг иқлим хусусиятларини ҳисобга олиши лозим.

Ташаббус муаллифлари фикрича, «яшил бекатлар» йўловчилар учун янада қулай шароит яратиш, шаҳар ҳавосидаги чанг миқдорини камайтириш, кўкаламзорлаштирилган ҳудудлар майдонини кенгайтириш, энергия сарфини қисқартириш ва пойтахтнинг экологик қиёфасини яхшилашга хизмат қилади.

Партия, шунингдек, масъул ташкилотларни янги ва амалдаги автобус бекатларининг қулайлик даражаси, соя билан таъминланганлиги ҳамда иқлим шароитларига мослигини баҳолашга, аҳоли фикрини инобатга олишга ва замонавий экологик ечимларни жорий этишга чақирди.