Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Чирчиқ шаҳрида «Ўзавтосаноат» АЖ ва Германиянинг CLAAS компанияси ҳамкорлиги доирасида ташкил этилган халқаро CLAAS академияси ўз фаолиятини бошлади. Ўқув маркази «Тошкент трактор заводи» МЧЖ ҳудудида жойлашган.
Академия қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳаси учун муҳандислик ва техник мутахассисларни тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишга ихтисослашади. Унинг ўқув дастури халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
Очилиш маросимида Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги вакиллари, «Ўзавтосаноат» АЖ раҳбарияти, CLAAS компаниясининг халқаро ва минтақавий вакиллари, шунингдек, компаниянинг Марказий Осиёдаги ҳамкорлари иштирок этди.
Режаларга кўра, академияда ҳар йили Шарқий Европа, Осиё ва Африканинг тахминан 120 та давлатидан 200 нафарга яқин мутахассис таълим олади. Уларнинг 120 нафардан ортиғини Ўзбекистон вакиллари ташкил этади.
Тайёргарликнинг асосий йўналишлари қишлоқ хўжалиги техникасига сервис хизмати кўрсатиш ва замонавий маркетинг бўлади. Ўзбекистон ёшлари учун мехатроника, дастгоҳларда ишлаш ва сервис муҳандислиги бўйича таълим дастурлари ҳам назарда тутилган.
Бундан ташқари, академия CLAAS компаниясининг хорижий сервис мутахассислари ва дилерлари малакасини ошириш ҳамда уларни қайта тайёрлаш билан шуғулланади. Назарий ва амалий машғулотларни хорижий мутахассислар олиб боради.
Очилиш маросими давомида иштирокчилар ўқув инфратузилмаси ва таълим олиш шароитлари билан танишди. Шунингдек, ишлаб чиқариш майдонларига ташриф буюриб, «Uz CLAAS Agro» МЧЖ корхонасида сервис хизмати қандай ташкил этилганини ўрганди.
Академияни ташкил этишдан мақсад қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш, халқаро тажрибани жорий этиш ва қишлоқ хўжалиги техникасига техник хизмат кўрсатиш сифатини оширишдан иборат.