Спорт

Бельгия ва АҚШ жаҳон чемпионатининг 1/8 финалига чиқди

Бельгия ва АҚШ жаҳон чемпионатининг 1/8 финалига чиқди
Бельгия ва АҚШ жаҳон чемпионатининг 1/8 финалига чиқди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АҚШ, Канада ва Мексикада ўтаётган футбол бўйича жаҳон чемпионатида Бельгия ва АҚШ терма жамоалари 1/16 финал босқичидан муваффақиятли ўтди. Энди улар чорак финалга чиқиш учун ўзаро баҳс олиб боради.

Энг драматик учрашувлардан бири Сиэтл шаҳрида Бельгия ва Сенегал ўртасида бўлиб ўтди. Асосий вақт 2:2 ҳисобида якунланди. Сенегалликлар 24-дақиқада Ҳабиб Диарра ва 51-дақиқада Исмаила Саррнинг голлари эвазига икки марта олдинга чиқишди. Белгияликлар эса ўйин охирида вазиятни қутқариб қолишди: Ромелу Лукаку 86-дақиқада гол урган бўлса, Юри Тилеманс 89-дақиқада ҳисобни тенглаштирди.

Бельгия терма жамоасига ғалабани иккинчи қўшимча бўлимнинг компенсасия қилинган бешинчи дақиқасида Тилеманс томонидан аниқ амалга оширилган пенальти келтирди. Ўн бир метрлик жарима зарбаси учрашувнинг 117-дақиқасида содир этилган қоидабузарликдан сўнг белгиланди.

Исмаила Сарр учун мазкур гол жорий жаҳон чемпионатидаги тўртинчи гол бўлди. У 1990 йилги жаҳон чемпионатида камерунлик Роже Милла ўрнатган Африка терма жамоалари футболчилари орасидаги рекордни такрорлади.

1/16 финалнинг яна бир баҳсида АҚШ терма жамоаси Сан-Францискода ўз майдонида Босния ва Герцеговина жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Голларга 45-дақиқада Фоларин Балоган ва 82-дақиқада Малик Тиллман муаллифлик қилди. Шу билан бирга, Балоган 64-дақиқада қўпол ўйин учун қизил карточка олиб, майдонни тарк этди.

Босния ва Герцеговина терма жамоаси сафида 40 ёшли ҳужумчи Эдин Жеко илк дақиқалардан майдонга тушди ва жаҳон чемпионати плей-офф босқичида иштирок этган тарихдаги энг ёши катта майдон футболчисига айланди.

АҚШ ва Бельгия терма жамоалари ўртасидаги 1/8 финал баҳси 6 июль куни Сиэтл шаҳрида бўлиб ўтади.

Бу йилги Жаҳон чемпионати биринчи марта учта мамлакат - Қўшма Штатлар, Канада ва Мексикадан 48 та миллий терма жамоа иштирокида ўтказилмоқда. Турнир 19 июль куни якунланади.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.