Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Андижон вилоятида ер участкаси билан боғлиқ фирибгарлик фош этилди

UzDaily таҳририяти · 01.08.2026 · 09:30 · 23 views
Андижон вилоятида ер участкаси билан боғлиқ фирибгарлик фош этилди
Андижон вилоятида ер участкаси билан боғлиқ фирибгарлик фош этилди / Фото: ДХХ видеосидан олинган тасвир.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Андижон вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар давлат ер фондидаги ер участкасини пул эвазига расмийлаштириб бериш ваъдаси билан боғлиқ ноқонуний схеманинг олдини олди.

Тергов маълумотларига кўра, Марҳамат туманидаги банк хизматлари марказларидан бирининг раҳбари «Норин–Қорадарё» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси машинисти билан тил бириктирган.

Улар 1989 йилда туғилган фуқарони чалғитиб, Марҳамат тумани ҳокимлиги захирасида бўлган 24 сотих ер участкаси гўёки якка тартибда уй-жой қуриш учун мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказиш учун ҳужжатлари аллақачон расмийлаштирилгани ҳақида хабар берган.

Гумонланувчилар ўзларининг таниш мансабдор шахслари орқали ер участкасини фуқаро номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган ва бунинг учун 39 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида машинист 25 минг доллар миқдорида аванс олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Пул маблағлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилди. Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.