Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Янги Наманганда тўртта инвестиция лойиҳаси бошланди

UzDaily таҳририяти · 20.07.2026 · 16:05 · 49 views
Янги Наманганда тўртта инвестиция лойиҳаси бошланди

Янги Наманганда тўртта инвестиция лойиҳаси бошланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Янги Наманганда йўлдош шаҳарни ривожлантиришнинг иккинчи босқичи доирасида тўртта янги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Илк тош қўйиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззақов иштирок этди.

LANG APEX компанияси нодавлат таълим муассасалари мажмуаси қурилишини бошлади. Мажмуа таркибига 840 ўринли умумтаълим мактаби ва 120 ўринли мактабгача таълим муассасаси киради. Қурилиш ишларини 2027 йилнинг учинчи чорагида якунлаш режалаштирилган.

DOWNTOWN BUILDING компанияси 2,2 гектар майдонда тўққизта 12 қаватли турар жой биноси қурилишини бошлади.

Лойиҳа доирасида жами 1 019 та хонадон барпо этилиши кўзда тутилган.

Яна бир турар жой мажмуаси — ZIYO AVENUE саккизта 12 қаватли уйдан иборат бўлиб, биринчи қаватларда тижорат бинолари жойлаштирилади. Мажмуа таркибида 704 та хонадон ва 112 та нотурар жой мавжуд бўлади.

Шунингдек, 1,3 гектар ҳудудда жойлашадиган «Бизнес ва илм» университетининг етти қаватли биноси қурилиши ҳам бошланди.

Қурилиш майдонларига ташриф давомида Шавкат Абдураззақов лойиҳаларнинг амалга оширилиши билан танишди ҳамда илк тош қўйиш маросимида иштирок этди.

Нуронийлар янги ташаббусларнинг муваффақиятли амалга ошишини тилаб, қурилиш ишларининг бошланишига оқ фотиҳа бердилар.