Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

Хива ва Бухоро ўртасида Хитой электропоездлари қатнайди

Дилафруз Ниязова · 07.09.2026 · 22:10 · 34 views
Хива ва Бухоро ўртасида Хитой электропоездлари қатнайди
Хива ва Бухоро ўртасида Хитой электропоездлари қатнайди / Фото: Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 9 сентябрдан Хива ва Бухоро ўртасида Хитойда ишлаб чиқарилган замонавий тезюрар CRRC-Dalian электропоездлари қатнай бошлайди. Беш вагондан иборат поезд 415 нафар иқтисодий класс йўловчисига мўлжалланган. Бу ҳақда «Ўзтемирйўловчи» матбуот хизмати хабар берди.

№707-сонли поезд Хивадан Бухоро-1 бекатига соат 09:55 да жўнайди ва якуний манзилга 14:32 да етиб боради. Қайтиш йўналишидаги №706-сонли поезд Бухородан 15:45 да жўнаб, Хивага 20:25 да етиб келади.

Хива — Бухоро йўналишидаги қатновлар сешанба кунидан ташқари ҳафтанинг барча кунларида амалга оширилади. Қайтиш йўналишида поезд душанба кунидан ташқари ҳар куни қатнайди. Билет нархи 270,8 минг сўмни ташкил этади.

Янги электропоездлар Бухоро — Тошкент йўналишида ҳам ҳаракатланади. 14 сентябрдан поездлар шаҳарлар ўртасида душанба кунлари, 15 сентябрдан эса қайтиш қатновлари сешанба кунлари амалга оширила бошлайди. Бухоро ва Тошкент ўртасидаги йўл вақти қарийб олти соатни ташкил этади.

Янги поездларни ишга тушириш амалдаги бир нечта йўналишлар жадвалига ўзгартиш киритишни талаб қилади. №56-сонли Тошкен Жанубий — Хива поезди жадвали 8 сентябрдан, №58-сонли Тошкен Жанубий — Шовот поезди жадвали 10 сентябрдан, №127/128-сонли Андижон — Қўнғирот поезди жадвали эса 8 сентябрдан ўзгаради.

15 сентябрдан №301-сонли Душанбе — Тошкент поезди, шунингдек, сешанба кунлари ҳаракатланадиган №6412-сонли Тошкент Жанубий — Ҳаваст поезди жадвалига ўзгартиш киритилади. 9 сентябрдан №6353-сонли Урганч — Нукус поезди ҳаракат жадвали ҳам ўзгаради.

Хитойнинг CRRC-Dalian электропоездларидан Ўзбекистонда аллақачон фойдаланилмоқда. Аввалроқ шу турдаги CR200J поезди Урганч — Хива йўналишида эксплуатация қилина бошланган эди. У соатига 160 километргача тезликда ҳаракатлана олади ва қарийб 400 нафар йўловчига мўлжалланган.

Поездларда VIP, бизнес ва иқтисодий класслар, Wi-Fi, электрон қурилмалар учун қувватлаш мосламалари, кондиционер ва иситиш тизимлари, шунингдек, ногиронлиги бўлган йўловчилар учун зарур шароитлар мавжуд.

Яна бир Хитой электропоезди 31 август куни Андижонга етиб келган ва ҳозирда синовдан ўтказилмоқда.

У ишга туширилганидан сўнг Тошкент ва Андижон ўртасидаги сафар вақтини уч соатгача қисқартириши кутилмоқда. Ташқи кўриниши жиҳатидан янги поезд CR200J моделига ўхшайди.