Хитойлик инвестор Бағдод туманидаги лойиҳага 20 миллион доллар сармоя киритади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитойлик инвестор Фарғона вилоятининг Бағдод туманида замонавий саноат корхоналарини яратишга тахминан 20 миллион доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мулоқотда инвесторнинг Бағдод туманида саноат корхонасини ташкил этиш бўйича амалга ошираётган ишлари ҳамда истиқболдаги инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди.
Инвестор томонидан Бағдод туманида “GRANDHUNT 1688” хорижий корхонаси ташкил этилиб, давлат рўйхатидан ўтказилгани маълум қилинди. Лойиҳа доирасида темир конструкцияларини қайта ишлаш, профнастил ва сендвич панеллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Лойиҳани амалга ошириш учун Бағдод туманидаги иқтисодий зона ҳудудидан 5 гектар ер майдони ажратилиши режалаштирилган. Лойиҳага қарийб 20 миллион доллар инвестиция киритилиб, мазкур ҳудудда икки босқичда иккита замонавий ишлаб чиқариш корхонаси барпо этилади.
Айни пайтда лойиҳанинг дастлабки босқичи доирасида зарур технологик ускуналарни олиб келиш ҳамда темир конструкциялар ва сендвич панеллар тайёрлашни йўлга қўйиш ишлари бошланмоқда. Кейинги босқичда эса замонавий ишлаб чиқариш заводларини барпо этиш кўзда тутилган.
Учрашувда инвестиция лойиҳасини самарали амалга ошириш учун инвесторга белгиланган тартибда зарур шарт-шароитларни яратиш масалаларига эътибор қаратилди.
Вилоят ҳокими истиқболли лойиҳани қўллаб-қувватлашини билдириб, уни амалга оширишда ҳар томонлама кўмак кўрсатилишини таъкидлади.
Учрашув якунида ўзаро ҳамкорлик келишуви имзоланди.