Ўзбекистон U-17 терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқди

Ўзбекистон U-17 терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқди

Ўзбекистон U-17 терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Саудия Арабистонида ўтаётган Осиё кубогида Ўзбекистоннинг 17 ёшгача бўлган ўсмирлар терма жамоаси муддатидан олдин чорак финалга йўл олди ва ноябрь ойида Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати иштирокини таъминлади.

D гуруҳидаги дастлабки учрашувда Ўзбекистон жамоаси Ҳиндистон термасини ишончли тарзда 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Ҳисоб 32-дақиқада очилди. Лазиз Абдураимов пенальтидан аниқ зарба йўллаб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлимда Ўзбекистоннинг устунлиги ҳиндистонлик ҳимоячи Вангхема Денни Сингҳнинг автоголидан кейин янада ошди. У бурчак тўпидан узатилган тўпни ўз дарвозасига киритиб қўйди. Учинчи гол муаллифи Ахрорбек Равшанбеков бўлди.

Бундан аввал Австралия терма жамоаси Ҳиндистон устидан 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Шу тариқа, Ўзбекистон ва Австралия жамоалари муддатидан олдин мусобақа чорак финалига чиқиш ҳамда U-17 жаҳон чемпионати йўлланмаларини қўлга киритишди.

13 май куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ва Австралия ўртасидаги ўзаро баҳс D гуруҳи ғолибини аниқлаб беради.

Дастлаб ушбу гуруҳда КХДР терма жамоаси ҳам иштирок этиши керак эди, аммо жамоа мусобақа бошланишидан аввал турнирни тарк этган.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг