Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташаббуси билан 2027 йил туркий дунёда Чўлпон йили деб эълон қилинди. Бундай қарор Андижонда бўлиб ўтган ТУРКСОЙ Доимий кенгашининг 43-йиғилишида қабул қилинди. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Халқаро туркий маданият ташкилотига аъзо мамлакатлар маданият вазирларининг йиғилиши «Андижон — 2026 йилда туркий дунёнинг маданий пойтахти» дастурининг ёпилиш маросими доирасида бўлиб ўтди.
Иштирокчилар ташкилот фаолиятини такомиллаштириш, қардош халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда умумий тарихий меросни халқаро миқёсда тарғиб қилиш масалаларини муҳокама қилди.
Йиғилишда ТУРКСОЙнинг 2027 йилга мўлжалланган фаолият дастури тасдиқланди. Шунингдек, 2027 йилда туркий дунёнинг маданий пойтахтига айланадиган Туркиянинг Қайсари шаҳрида ўтказиладиган тадбирлар дастури юқори баҳоланди.
Бундан ташқари, Қирғизистоннинг Талас шаҳрини 2028 йилда туркий дунёнинг маданий пойтахти деб эълон қилиш номзоди кўриб чиқилди.
2027 йилнинг Чўлпон йили деб эълон қилиниши шоир, ёзувчи ва таржимон Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон таваллудининг 130 йиллигига бағишланган.
Йиғилишда, шунингдек, Қирғизистоннинг ёзувчи Чингиз Айтматов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан 2028 йилни Чингиз Айтматов йили деб эълон қилиш таклифи ҳам кўриб чиқилди.