Тошкентга Швеция ва Польшадаги 27 нафар ўзбекистонлик қайтарилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент халқаро аэропортига Швеция ва Польша миграция қонунчилигини бузган 27 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган чартер рейси келиб қўнди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.
Фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш мамлакатнинг Швеция ва Польшадаги ваколатли органлари билан ҳамкорлик қилиши натижасида ташкил этилди. Юртдошларни пойтахтга етиб келганидан сўнг Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа тегишли идоралар вакиллари кутиб олди.
Қайтарилган фуқаролар Ватанга қайтишда кўрсатилган кўмак ва қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон раҳбарияти ҳамда ваколатли органларга миннатдорлик билдирди.
Чартер рейсининг ташкил этилиши уч мамлакатнинг тегишли тузилмалари ўртасидаги мувофиқлаштирилган ҳамкорлик натижаси бўлди. Ўзбекистон идораларида таъкидланишича, бундай ҳамкорлик хорижда бўлиб турган мамлакат фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлари ҳамда фуқаролар бўлиб турган давлатлар қонунчилигини ҳисобга олган ҳолда йўналтирилган.
Шу билан бирга, ваколатли органлар хорижга чиқишни режалаштираётган фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш бўйича ишларни давом эттирмоқда. Қабул қилувчи давлатларнинг миграция талаблари бузилишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.