Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида жойлашган бизнес марказларидан бирида Ички ишлар вазирлигининг Кибержиноятчиликка қарши курашиш департаменти ходимлари компьютер технологиялари соҳасида консалтинг хизматлари кўрсатиш ниқоби остида онлайн қимор ўйинлари хизматларини тақдим этган компания фаолиятига чек қўйди.
Жиноий гуруҳ аъзолари бир нечта онлайн платформаларга Ўзбекистон, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон, Баҳрайн, Қатар, Қувайт ва бошқа мамлакатлардан қарийб 60 минг нафар фуқарони жалб қилиб, уларнинг онлайн қимор ўйинларида иштирок этиши учун шароит яратган.
Улар аниқ иерархия ва тузилма асосида фаолият юритган. Операторлар, супервайзерлар, кассирлар, таҳлилчилар ва ҳисобот юритиш бўйича мутахассислар ҳамда менежерлар ўзларига юклатилган вазифаларни қатъий махфийлик шароитида бажарган.
Мижозларни жалб қилиш учун махсус дастурий таъминот, шифрланган алоқа ва рақамли изларни яшириш технологияларидан фойдаланилган.
Махсус операция давомида серверлар, компьютер техникаси тўпламлари, ноутбуклар, мобиль қурилмалар, банк пластик карталари, SIM-карталар, пул маблағлари ва бошқа ашёвий далиллар олиб қўйилди.
Бундан ташқари, компьютерларни мутахассислар кўздан кечириши давомида сўнгги 6 ойда 4 млн доллар миқдорида маблағлар айланмаси амалга оширилгани билан боғлиқ маълумотлар аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилди. Жиноий гуруҳнинг 11 нафар асосий аъзоси ушланди. Шунингдек, масофадан туриб хизмат кўрсатган шахслар ҳам аниқланди.