Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Тошкентда қоидабузарлик сабаб қурилиш ишлари тўхтатилди

UzDaily таҳририяти · 12.07.2026 · 11:20 · 19 views
Тошкентда қоидабузарлик сабаб қурилиш ишлари тўхтатилди

Тошкентда қоидабузарлик сабаб қурилиш ишлари тўхтатилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрининг Сергели туманида кўп қаватли турар жой биноси қурилаётган майдонда хавфсизлик ва қурилиш сифати талаблари бузилгани аниқланганидан сўнг қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси хабар қилди.

Текширув пойтахтдаги қурилиш объектларида ташкил этилган кучайтирилган назорат тадбирлари доирасида ўтказилди. Кўздан кечириш жараёнида мутахассислар қурилиш материалларини сақлаш қоидалари бузилганини аниқлади. Шунингдек, қурилиш майдони ва унга туташ ҳудудлар енгил алангаланувчи чиқиндилардан тозаланмагани маълум бўлди.

Бундан ташқари, инспекторлар темир-бетон конструкцияларининг бир қисми лойиҳа ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда қурилгани ва белгиланган сифат стандартларига жавоб бермаслигини аниқлади.

Текширув якунлари бўйича масъул шахсларга аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилди. Барча талаблар бажарилгунга қадар объектдаги қурилиш ишлари тўхтатилди.

Айни вақтда қурилиш майдонида лойиҳа талабларидан четга чиққан ҳолда барпо этилган темир-бетон конструкцияларни демонтаж қилиш ишлари бошланди.

Инспекцияда таъкидланишича, лойиҳа ҳужжатлари ва қурилиш сифатига оид талабларга риоя этиш келгусида ушбу уйда яшайдиган аҳоли хавфсизлигини таъминлашнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.

Шунингдек, идора Тошкент шаҳридаги қурилиш объектларида кучайтирилган назорат тадбирлари давом этаётганини маълум қилди.