Ўзбекистон

Тошкентда 73-йўналиш автобусидаги ёнғин сабаби маълум бўлди

Тошкентда 73-йўналиш автобусидаги ёнғин сабаби маълум бўлди
Тошкентда 73-йўналиш автобусидаги ёнғин сабаби маълум бўлди / Фото: Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 7 ноябрь куни Тошкент шаҳрида 73-йўналишда ҳаракатланаётган автобусда содир бўлган ёнғиннинг дастлабки сабаби мотор бўлимидаги электр симларининг қисқа туташуви бўлган.

Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Ёнғин соат тахминан 12:01 да Шайхонтоҳур туманидаги Лайлитуғон кўчасида содир бўлган.

«Чилонзор буюм бозори — Чорсу савдо маркази» йўналишига хизмат кўрсатувчи MAN A22 CNG русумли автобуснинг мотор қисмида ёнғин чиққан. Транспорт воситаси «7-автобус саройи» филиалига тегишли бўлиб, унинг борт рақами 129.

Дастлабки баҳолашга кўра, ҳодисага мотор бўлимидаги электр симларининг қисқа туташуви сабаб бўлган.

Ҳайдовчи тезкорлик билан йўловчиларни автобусдан эвакуация қилган ва ёнғинни бирламчи ўт ўчириш воситалари ёрдамида бартараф этишга ҳаракат қилган. Ҳодиса жойига Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ёнғин-қутқарув экипажи ҳам етиб келиб, вазиятни назоратга олган.

Компания маълум қилишича, ҳодиса натижасида ҳеч ким жабрланмаган. Автобус таъмирлаш ҳудудига олиб борилган ва у ерда мутахассислар тиклаш ишларини олиб бормоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.