Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Тошкентда 15 сентябргача алоҳида ёнғинга қарши режим жорий этилди

UzDaily таҳририяти · 25.06.2026 · 00:05 · 18 views
Тошкентда 15 сентябргача алоҳида ёнғинга қарши режим жорий этилди

Тошкентда 15 сентябргача алоҳида ёнғинга қарши режим жорий этилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида ёз мавсумида ёнғин хавфининг кескин ошиши муносабати билан жорий йилнинг 15 сентябрига қадар алоҳида ёнғинга қарши режим амал қилади.

Мазкур қарор пойтахт ҳокими Шавкат Умурзаковнинг 22 июндаги расмий қарори билан тасдиқланган.

Ҳужжатга мувофиқ, шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасига туман ҳокимликлари ва тегишли идоралар билан ҳамкорликда профилактика ишларини кучайтириш, амалдаги ёнғинга қарши чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш ҳамда турар жой массивлари ва саноат объектларида аниқланган хавфсизлик қоидалари бузилишларини зудлик билан бартараф этиш вазифаси юклатилди.

Бу ишлар доирасида маҳаллаларда «хонадонбай» тамойили асосида кенг кўламли уйма-уй юришлар ташкил этилиб, аҳолига ёнғин хавфсизлиги қоидалари тушунтирилади. Шунингдек, махсус хизматлар турар жойлардаги электр ва газ тармоқлари, вентиляция тизимлари, мўрилар ҳамда сув иситиш ускуналарининг ҳолатини тўлиқ текширувдан ўтказади.

Кондиционерлар ҳолатини текширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Шу билан бирга, қўлбола сақлагичлар ёки ток кучи меъёридан юқори бўлган автоматлардан фойдаланиш ҳолатларига чек қўйилади.

Шаҳар коммунал хизматларига барча ёнғин гидрантлари ва махсус сув ҳавзаларини хатловдан ўтказиб, носоз объектларни тезкор таъмирлаш топширилди.

Ёнғинга қарши сув таъминоти етарли бўлмаган ҳудудларда сув сепувчи махсус техникалар ва сув ташувчи автомашиналарнинг кеча-кундуз навбатчилиги йўлга қўйилади. Шунингдек, шаҳар бозорлари, савдо марказлари ва кўнгилочар мажмуаларида ҳам кенг қамровли текширувлар ўтказилади.

Масъул идоралар трансформаторлар ва тақсимлаш шчитларини ҳам ўз ичига олган барча электр инфратузилмасининг ҳақиқий юкламаларга мослигини текширади.

Қарор билан бозорлар ва умумий овқатланиш шохобчаларида овқат тайёрлаш учун маиший суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланиш қатъий тақиқланди. Шунингдек, тижорат объектларини газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний улашга ҳам йўл қўйилмайди.

Чекловлар иссиқ кунларнинг энг юқори даврида автозаправка станцияларига ҳам татбиқ этилади. Хусусан, соат 11:00 дан 17:00 гача бўлган вақт оралиғида бензин ва пропан қуйиш шохобчаларида йирик юк транспортлари орқали ёқилғини ташиш, қуйиш ва тушириш ишларини амалга ошириш тақиқланади.

Шу билан бир вақтда Ички ишлар бош бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва коммунал хизматлардан иборат қўшма гуруҳлар кўп қаватли уйлар ҳовлилари ҳамда маҳалла ички йўлларида ўрнатилган, ёнғин-қутқарув техникаси ва тез тиббий ёрдам машиналарининг эркин ҳаракатига тўсқинлик қилувчи шлагбаумлар ва бошқа ноқонуний иншоотларни мажбурий тарзда демонтaж қилади.

Бундан ташқари, шаҳар хизматларига очиқ жамоат жойларини маиший чиқиндилар ва қуриган ўт-ўланлардан тезкор тозалаш вазифаси юклатилди. Ёзги мавсумда кундузги оромгоҳлар фаолият юритаётган пойтахтдаги 47 та мактабда болаларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

UzDaily таҳририяти · 👁 18 views · 25.06.2026 · 00:05