Тошкент вилоятида Испания қишлоқ хўжалиги технологиялари ўрганилмоқда

Тошкент вилоятида Испания қишлоқ хўжалиги технологиялари ўрганилмоқда

Тошкент вилоятида Испания қишлоқ хўжалиги технологиялари ўрганилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Айни пайтда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Испания Қироллигида бўлиб турибди.

Ташрифнинг асосий мақсади Испаниядаги иссиқхона технологиялари ва тажрибасини ўрганиш ҳамда иссиқхона ускуналари, қишлоқ хўжалиги тармоқларида ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик ўрнатишдир.

Испания бугунги кунда Европа ва дунё бозорларида агросаноат, озиқ-овқат саноати, қайта тикланувчи энергия, логистика ҳамда юқори технологияли қишлоқ хўжалиги соҳаларида етакчи давлатлардан бири ҳисобланади.

Мамлакат ташқи иқтисодий алоқаларда инновация, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш ва замонавий технологиялар трансферига алоҳида устувор аҳамият қаратмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Испания ўртасида савдо-иқтисодий, инвестисиявий ва аграр соҳалардаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда.

Делегация айни пайтда ташриф доирасида  Қиролликдаги Алмерия вилоятида мезбон тараф вакиллари билан  қизғин учрашув ва мулоқотларга киришган. 

Алмериянинг иссиқхона саноати дунёдаги энг гигант саналади. Ушбу вилоятдаги иссиқхоналар  31 минг гектаргача майдонни эгаллайди ва Европанинг катта қисмини сабзавотлар билан таъминлайди.

Алмериянинг "Алмерия модели" номи билан танилган иссиқхона технологияси қурғоқчил иқлим шароитида интенсив деҳқончилик, гидропоника ва томчилатиб суғориш тизимларидан фойдаланади

Делегация кун тартибига мувофиқ, Футуре Фармс Солутионс S.L. компанияси фаолияти билан яқиндан танишди ҳамда мутасаддилар билан истиқболли ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.

Футуре Фармс Солутионс S.L. — Испаниянинг агротехнологиялар (АгриТеч) йўналишидаги инновасион компанияси бўлиб, юқори технологияли иссиқхона тизимлари, рақамли агробошқарув, сунъий интеллект ҳамда агроинженерлик ечимларини ишлаб чиқишга ихтисослашган.

Компания томонидан юқори технологияли иссиқхона лойиҳаларини ишлаб чиқиш,  иқлим бошқаруви ва автоматизация тизимлари,  сунъий интеллект асосида агромониторинг,  энергия самарадор ва сув тежовчи ечимлар халқ хўжалигига кенг тадбиқ этилган.

Компания масъуллари билан мулоқот давомида Тошкент вилоятида замонавий иссиқхона кластерларини ташкил этиш, ақлли яшил технологияларни кенг жорий қилиш, иқлим назорати ва автоматизация тизимларини татбиқ этиш, сув тежовчи ечимлардан самарали фойдаланиш, аграр соҳани рақамлаштириш ҳамда агроинженерлик бўйича технологиялар трансфери каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Томонлар мазкур ҳамкорлик қишлоқ хўжалигида инновасион ёндашувларни кенгайтириш, юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар етиштириш ва соҳада замонавий технологияларни жорий этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг