Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент ва Хива ўртасида «Жалолиддин Мангуберди» қўшимча электропоезди қатнови йўлга қўйилади. Поезд ҳар бир йўналишда ҳафтасига икки марта ҳаракатланади. Бу ҳақда «Темирйўлэкспресс» хабар берди.
№754 «Тошкент – Хива» поезди пайшанба ва шанба кунлари соат 11:20 да жўнаб, Хивага соат 19:51 да етиб боради.
Қайтиш йўналишида №753 «Хива – Тошкент» поезди жума ва якшанба кунлари қатнайди.
Хивадан поезд соат 11:00 да жўнайди, Тошкентга эса соат 19:36 да етиб келади.
Шунингдек, йўловчилар учун Хива ва Урганч халқаро аэропорти ўртасида қўшимча рейслар ташкил этилади. Бу темирйўл ва ҳаво транспорти ўртасидаги қатновларни қулайроқ режалаштириш имконини беради.
№7055 «Урганч халқаро аэропорти – Хива» поезди жума ва якшанба кунлари соат 09:00 да жўнаб, Хивага соат 09:42 да етиб боради.
Қайтиш йўналишида №7056 «Хива – Урганч халқаро аэропорти» поезди пайшанба ва шанба кунлари соат 21:00 да жўнайди ва аэропортга соат 21:42 да етиб келади.
Йўловчиларга Тошкент, Хива ва Урганч халқаро аэропорти ўртасидаги сафарларни режалаштиришда янги жадвални ҳисобга олиш тавсия этилди.