Танзила Нарбаева Жанубий Корея Ички ишлар вазирлиги раҳбари билан жамоат хавфсизлигида рақамлаштириш ва сунъий интеллектни муҳокама қилди
Танзила Нарбаева Жанубий Корея Ички ишлар вазирлиги раҳбари билан жамоат хавфсизлигида рақамлаштириш ва сунъий интеллектни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Корея Республикаси ички ишлар ва хавсизлик вазири Юн Хо Чжун бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилиниб, рақамли трансформация, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, электрон ҳукумат тизимини такомиллаштириш ҳамда бу соҳада қонунчиликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Иқлим ўзгариши оқибатида юзага келаётган табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларга тезкор жавоб қайтариш борасида икки томонлама ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада Корея тажрибаси асосида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аҳолини эвакуация қилиш ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган рақамли технологияларни ҳудудлар ва маҳаллалар даражасида жорий этиш имкониятлари ҳақида фикр юритилди. Бунда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг амалий лойиҳаларни жойларда самарали татбиқ этишдаги аҳамияти қайд этилди.
Мулоқот давомида мамлакатимиздаги корейс диаспорасининг икки халқ ўртасида дўстлик ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашдаги муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди. Шунингдек, 2027 йилда корейс диаспораси Ўзбекистонда яшаётганининг 90 йиллиги кенг нишонланиши қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар парламентлараро ва ҳудудлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш орқали ўзаро манфаатли ташаббус ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда амалий шерикликни изчил давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.