Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Сенат “Тошкент молия маркази тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилди

UzDaily · 13.06.2026 · 18:45 · 37 views
Сенат “Тошкент молия маркази тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилди

Сенат “Тошкент молия маркази тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги Конституциявий Қонун кўриб чиқилди.

Таъкидлаганидек, мазкур Конституциявий Қонун мамлакатимизда инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, халқаро капитални жалб қилиш ҳамда замонавий молия инфратузилмасини шакллантириш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Қонунда Тошкент халқаро молия марказининг ҳуқуқий мақоми, унинг фаолиятини тартибга солувчи асосий принциплар, бошқарув тизими, ваколатлари, шунингдек, институционал тузилмаси белгиланмоқда.

Шу билан бирга, Молия маркази ҳудудида инвесторлар учун ҳуқуқий барқарорлик ва ишончли суд ҳимоясини таъминлашга қаратилган нормалар ҳам Қонунда ўз аксини топган.

Сенаторлар Молия маркази иштирокчилари учун яратилаётган имкониятларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Жумладан, ушбу Марказ иштирокчилари ва уларнинг ходимларига хорижий валютада ҳисоб-китоб қилиш, чет эллик мутахассисларни ишга қабул қилиш визалар олишда соддалаштирилган махсус тартиблар белгиланиши кўзда тутилган.

Муҳокама давомида Қонуннинг айрим нормаларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.

Хусусан, Тошкент халқаро тижорат суди судьяларига қўйилаётган талабларни қайта кўриб чиқиш, Тошкент халқаро тижорат судининг ҳар қандай халқаро арбитражга оид ишни, маъмурий-ҳуқуқий низоларни кўриш ҳамда Конституция ва қонунларга шарҳ бериш ваколатларини аниқлаштириш каби масалаларни қайта кўриб чиқиш лозимлигига эътибор қаратилди.

Сенаторлар фикрича, мазкур таклифларни инобатга олган ҳолда ушбу Қонун устида янада пухта ишлаш инвесторлар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда Тошкент халқаро молия марказининг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Қизғин муҳокама натижасида Конституциявий Қонунни такомиллаштириш бўйича таклифлар билан Қонунчилик палатасига юбориш, сенаторлар ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат келишув комиссиясини тузиш ҳамда манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлар вакилларини жалб қилган ҳолда уни қайта ишлаш мақсадга мувофиқ, деган хулосага келинди.

Муҳокама якунида Сенатнинг ушбу Конституциявий Қонунни такомиллаштириш юзасидан қарори қабул қилинди.

UzDaily · 👁 37 views · 13.06.2026 · 18:45