Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Сенат судни молиялаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади

UzDaily · 13.06.2026 · 19:05 · 29 views
Сенат судни молиялаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади

Сенат судни молиялаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ушбу Қонуннинг асосий мақсади суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш ҳамда судларнинг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлиқ ва мустақил равишда фаолият юритишини таъминлашдан иборат.

Ҳужжат билан судларни молиялаштириш фақат Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши ва бюджет лойиҳасини тайёрлашда судларнинг мустақил иштироки қатъий белгилаб қўйилмоқда.

Эндиликда Бюджет кодексида мамлакатда иқтисодий вазият ёки бюджет тақчиллиги ортишидан қатъи назар, судлар фаолияти учун ажратиладиган маблағларни қисқартириш тақиқланмоқда. Шунингдек, навбатдаги йил учун ажратиладиган маблағлар ҳажми ўтган йилдагидан кам бўлмаслиги кафолатланмоқда.

Янги тартибга кўра, Конституциявий суд, Олий суд ва Судьялар олий кенгаши ажратилган маблағларни ўзлари мустақил равишда тасарруф этади, қуйи судлар тизими бўйича эса буни Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти амалга оширади.

Бундан ташқари, “Судлар тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришга мувофиқ эндиликда ҳар бир суд алоҳида бино, қўриқлаш тизими ва автотранспорт билан таъминланади.

Сенаторларнинг фикрича, мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга, судьяларнинг ва суд аппарати ходимларининг моддий ва ижтимоий таъминотини яхшилашга ҳамда юртимизда одил судлов сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтаришга хизмат қилади.

Муҳокама якунида  сенаторлар Қонунни маъқуллади.

UzDaily · 👁 29 views · 13.06.2026 · 19:05