Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Сенати фармацевтика фаолияти тўғрисидаги қонунчиликка дори воситаларини ишлаб чиқариш ва тиббий буюмларни сотишнинг янги қоидаларини назарда тутувчи ўзгартиришларни маъқуллади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.
«Фармацевтика фаолиятини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун парламент юқори палатасининг 21-ялпи мажлисида кўриб чиқилди.
Аввалроқ ҳужжат Сенатнинг 17-ялпи мажлисида муҳокама қилинган, бироқ айрим қоидалар юзасидан билдирилган эътирозлар сабабли рад этилган эди.
Шундан сўнг Олий Мажлис палаталарининг Келишув комиссияси қонунни қайта кўриб чиқиб, уни такомиллаштирди.
Киритилаётган ўзгартиришларга кўра, ҳужайра технологиялари асосида яратилган биотехнологик препаратлар ҳам дори воситалари қаторига киритилади.
Шунингдек, шартнома асосида ёки технологиялар трансфери орқали дори воситалари ва тиббий буюмларни бошқа фармацевтика ташкилоти томонидан ишлаб чиқариш имконияти жорий этилмоқда. Бунда буюртмачи ва ишлаб чиқарувчи чиқарилаётган дори воситаларининг хавфсизлиги, сифати ва самарадорлиги учун жавобгар бўлади.
Ҳужжатда тиббий буюмларни клиник тадқиқотлардан ўтказиш, уларнинг хавфсизлиги ва самарадорлигини баҳолашнинг ҳуқуқий асослари ҳам белгиланган.
Ўзгартиришлар маҳаллий ҳокимият органларининг ваколатларини ҳам аниқ чегаралаб беради. Вакиллик органлари фармацевтика соҳасидаги ҳудудий дастурларни тасдиқлайди ва уларнинг ижросини назорат қилади. Маҳаллий ижро этувчи органлар эса бундай дастурларни ишлаб чиқиши ва амалга оширилишини таъминлаши керак.
Ўзгартиришларнинг алоҳида қисми тиббий буюмларни чакана сотишга тааллуқли. Ушбу фаолиятни лицензиялаш талаби бекор қилинади. Унинг ўрнига тадбиркорлар белгиланган тартибда ваколатли органни хабардор қилиши керак бўлади.
Бунда дори воситаларини чакана сотиш учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар тиббий буюмларни сотиш учун алоҳида хабарнома юбориши талаб этилмайди.
Сўзга чиққан сенаторлар ўзгартишлар фармацевтика ишлаб чиқаришига замонавий технологияларни жорий этиш, маҳаллий корхоналар имкониятларини кенгайтириш ҳамда дори воситалари ва тиббий буюмлар сифатини назорат қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилганини таъкидлади.
Муҳокамалар якунлари бўйича сенаторлар қонунни маъқуллади.