Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Россиянинг Астрахань вилоятида Ўзбекистоннинг 36 ёшли фуқароси чўкиб кетди. Дастлабки маълумотларга кўра, фожиа 14 октябрь куни Володарский туманидаги Цветное қишлоғида эркак киши дарёдан сув олаётган вақтда содир бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон Миграция агентлиги хабар берди.
Эркакнинг жасади 15 октябрь куни топилган. Ҳозирда ваколатли органлар ҳодиса тафсилотларини аниқламоқда.
Миграция агентлиги ҳудудий тергов бошқармаси билан алоқа ўрнатди ва ҳалок бўлган фуқаронинг турмуш ўртоғи билан боғланди.
Зарур ҳужжатлар расмийлаштирилганидан сўнг марҳумнинг жасадини Ўзбекистонга олиб келиш харажатлари Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Агентлик марҳумнинг оиласи ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди.