Россиядан 12 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Россиянинг турли ҳудудларида қаровсиз қолган Ўзбекистон фуқароси бўлган 12 нафар вояга етмаган бола 2026 йил 29 август куни Ватанга қайтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Болалар омбудсмани офиси хабар берди.
Болаларнинг қайтарилиши Ўзбекистондаги Болалар омбудсмани ва Россиянинг Болалар омбудсмани ўртасидаги ҳамкорлик натижаси бўлди. Россияда бўлган вақт давомида вояга етмаганлар турган жойларидаги болалар муассасаларига жойлаштирилган.
Россия Болалар омбудсманининг кўмагида болалар Новосибирск, Қозон, Тула ва Москва вилоятида бўлган даврда зарур шароитлар билан таъминланган. Уларга махсус парвариш, яшаш жойи, овқатланиш, кийим-кечак ва зарур буюмлар тақдим этилган.
29 август куни Ички ишлар вазирлиги вакиллари 12 нафар боланинг барчасини Ўзбекистонга олиб келди.
Ҳозирда мамлакатга қайтарилган вояга етмаганлар Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасининг Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига вақтинча жойлаштирилган.
Ўзбекистон Болалар омбудсмани хорижда қаровсиз қолган болаларни мамлакатга қайтариш мақсадида хорижий ҳамкорлар ва миллий идоралар билан ҳамкорликни давом эттириш ниятида эканини билдирди.