“Rally Muynak – 2026” мусобақалари Қорақалпоғистонда туризм ривожига хизмат қилмоқда
“Rally Muynak – 2026” мусобақалари Қорақалпоғистонда туризм ривожига хизмат қилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 21-24 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ва «Ватанпарвар» ташкилоти томонидан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши билан ҳамкорликда Мўйноқ туманида “Rally Muynak – 2026” авторалли бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионати ўтказилмоқда.
Чемпионат минтақада туризмни ривожлантириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш, спорт ва фестиваллар туризмини ривожлантириш, автомотоспорт турларини оммалаштириш, шунингдек, ёш авлодни техник ва амалий спорт турларига жалб қилиш ҳамда туманда туризм соҳасида фаолият олиб борувчи корхоналарни ва хизмат кўрсатиш соҳасини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилмоқда.
Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ва хориждан келган спортчилар икки тоифадаги автомобилларда – двигатель ҳажми 1600 см3гача «А-8» ва двигатель ҳажми 2000 см3гача «А-9» синфлари бўйича беллашмоқдалар.
Шунингдек, двигатель ҳажми 2000 см3гача «Багги» ва двигатель ҳажми 125 см3гача ва 500 см3гача мототцикллар бўйича мусобақалар ҳам ташкил этилди.
“Rally Muynak – 2026” автомотоспорт мусобақаларида 120 нафардан ортиқ автомотоспорт устаси, шундан 40 тадан ортиқ автомобиль, 25 тадан зиёд мототцикл ва 15 тадан ортиқ «Багги»да иштирок этмоқда.
Уч кун давом этган ушбу нуфузли мусобақани нафақат ўзбекистонликлар, балки бутун дунё бўйлаб автомотоспорт ихлосмандлари катта қизиқиш билан кузатиб боришмоқда.
“Rally Muynak – 2026” автомобиль спорти мусобақалари ғолибларига, спорт мураббийлари ва ҳакамларга ташкилотчилар томонидан дипломлар ва эсдалик совғалари топширилади.