Қўмита қатор виза операторларини устун мавқега эга деб топди
Қўмита қатор виза операторларини устун мавқега эга деб топди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси VFS Global Services UBKN ва Vizametric компанияларини виза хизматлари бозорининг айрим сегментларида устун мавқега эга деб эътироф этди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар берди.
Қабул қилинган қарорга мувофиқ, VFS Global Services UBKN Австрия, Венгрия, Люксембург, Нидерландия, Дания, Бельгия, Болгария, Хорватия, Чехия, Эстония, Финляндия, Греция, Ирландия, Латвия, Литва, Буюк Британия, Швейцария, Янги Зеландия, Исроил ва Мальтага чиқиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича виза хизматлари бозорида устун мавқени эгаллаган компания сифатида тан олинди.
Vizametric компанияси эса АҚШга сафарларни расмийлаштириш бўйича виза хизматлари бозорида устун мавқега эга деб топилди. Мазкур қарорлар «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддаси асосида қабул қилинган.
Шунингдек, қўмита TLS Contact компаниясини Германия ва Францияга сафарларни расмийлаштириш бўйича виза хизматлари бозорида устун музокара кучи соҳиби деб эътироф этди. Ушбу қарор «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 14-моддасига мувофиқ қабул қилинди.
Идорада таъкидланишича, устун мавқе ёки устун музокара кучидан суиистеъмол қилиш рақобатнинг чекланишига ёки истеъмолчилар ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилишига олиб келувчи ҳаракатлар сифатида баҳоланади.
Аввалроқ блогерлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари TLS Contact орқали Франция визасини олиш учун ҳужжат топширишга навбат олишда қийинчиликлар юзага келаётгани ҳақида хабар қилган эдилар.
Шундан сўнг Ўзбекистонда Францияга қисқа муддатли визаларни расмийлаштириш учун қабулга ёзилишнинг янги тизими жорий этилди.