Қорақалпоғистонда халқаро YONAR фестивали ўтказилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 16–19 сентябрь кунлари Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманидаги «Борсакельмас» шўрхоги ҳудудида экспериментал санъат ва креатив туризмга бағишланган халқаро «YONAR» фестивали бўлиб ўтади.
Фестиваль замонавий санъат, ижод, креатив индустриялар ва туризм йўналишларини бирлаштиради. Тадбирнинг асосий мақсади Қорақалпоғистоннинг табиий ландшафтлари ва туристик салоҳиятини хорижий аудиторияга тақдим этишдан иборат.
Фестиваль доирасида маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ҳамда контент яратувчилар учун ахборот турлари ташкил этилади. Сафарлар давомида тайёрланган фото ва видеоматериалларни халқаро ва рақамли платформаларда тарғиб қилиш режалаштирилган.
Фестиваль меҳмонлари учун тадбир ҳудудида зарур инфратузилма яратилади. Хусусан, умумий овқатланиш шохобчалари ва санитария-гигиена объектлари ташкил этилади, ичимлик сувидан фойдаланиш имконияти таъминланади.
Бундан ташқари, фестиваль ҳудудига камида 15 та ўтов ўрнатиш режалаштирилган.
«YONAR» фестивалини ўтказиш замонавий санъат ва креатив индустриялар йўналишларини Қорақалпоғистоннинг табиий ҳамда маданий салоҳиятини туристик тарғиб қилиш билан бирлаштиришга қаратилган.