Қонун лойиҳаси чет элликларни рўйхатдан ўтказиш учун масъулиятни оширади
Қонун лойиҳаси чет элликларни рўйхатдан ўтказиш учун масъулиятни оширади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда депутатлар томонидан “Миграция соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш нуқтайи назаридан чет эл фуқароларининг Ўзбекистонга келиши ва бу ерда туриши билан боғлиқ тартиб-таомилларни соддалаштириш ва енгиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, бугунги кунда 80 дан ортиқ давлатларнинг фуқаролари учун визасиз кириш тизими жорий этилган, электрон визаларни бериш механизмлари йўлга қўйилган. Натижада жорий йилнинг беш ойида юртимизга хорижий туристлар оқими 27 фоизга ўсиб, 5,5 миллион нафарни ташкил этди.
Ўз навбатида, амалдаги қонунчилик бўйича чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар меҳмонхоналар, мотеллар, туристик лагерлар, дам олиш уйлари ва зоналари, санаторийлар, даволаш панционатлари, давлат тасарруфидаги ва хусусий клиникалар, шифохоналар, касалхоналарга келганда ушбу ташкилот ва муассасалар томонидан уларни келган вақтнинг ўзида рўйхатга олиш тартиби жорий қилинган.
Бу борада ушбу ташкилот ва муассасалар томонидан республикамизга кириб келаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни белгиланган тартибда турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилмаслиги ҳолатлари учрамоқда. Шу муносабат билан мазкур ташкилот ва муассасалар томонидан ушбу мажбуриятларини бажармаслик ва шахсларни «Э-меҳмон» ахборот тизимига киритмаслик бўйича уларнинг жавобгарлигини оширишга қаратилган нормалар қонун лойиҳасида таклиф этилмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳаси билан амалдаги қонун ҳужжатлари 2025 -йил 10 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида”ги Қонун нормаларига мувофиқлаштирилмоқда.
Хусусан, қонун лойиҳаси билан фуқароларнинг яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ атама ва тушунчалар, ҳуқуқий механизмлар барча қонун ҳужжатларида бирхиллаштирилмоқда. Яъни, амалдаги бир қатор кодекс ва қонунлардаги “доимий яшаш жойи” ёки “вақтинчалик яшаш жойи” тушунчалари тегишинча “яшаш жойи” ва “турган жойи” тушунчалари билан алмаштирилмоқда.
Депутатлар қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти, унинг амалиётга таъсири ҳамда ҳуқуқий механизмлари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирдилар. Шунингдек, айрим нормаларни янада аниқлаштириш ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти нуқтайи назаридан такомиллаштириш бўйича таклифлар ҳам илгари сурилди.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.