Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Фуқароларнинг проактив ахбороти тўғрисидаги қонун депутатлар томонидан маъқулланди

UzDaily таҳририяти · 22.07.2026 · 19:00 · 23 views
Фуқароларнинг проактив ахбороти тўғрисидаги қонун депутатлар томонидан маъқулланди

Фуқароларнинг проактив ахбороти тўғрисидаги қонун депутатлар томонидан маъқулланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Ҳуқуқий ахборотни проактив шаклда етказиш тизими жорий этилиши муносабати билан “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси аҳолига ҳуқуқий ахборотни замонавий технологиялар орқали тезкор, манзилли ва қулай тарзда етказиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган.

Муҳокамаларда қайд этилганидек, бугунги кунда қонунларнинг қабул қилиниши ҳақида ҳар бир фуқарони ўз вақтида хабардор қилиш, уларнинг мазмун-моҳиятини содда ва тушунарли тарзда етказиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис, ҳуқуқий тарғиботнинг анъанавий усуллари билан бир қаторда рақамли платформалар, мобил иловалар, ижтимоий тармоқлар ва сунъий интеллект асосидаги интерактив тизимлардан кенг фойдаланиш таклиф этилмоқда.

Лойиҳага мувофиқ, давлат органлари энди ўз фаолияти соҳасига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни нафақат қабул қилиши ёки эълон қилиши, балки уларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш ишларини ташкил этиш учун ҳам бевосита масъул бўлади. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳам ўзлари қабул қилган қарорларни аҳолига етказиш ва тушунтириш вазифасини амалга оширади.

Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат органларига етказиш тартиби соддалаштирилиб, уларни манзилли юбориш амалиёти жорий этилади. «Лех.уз» миллий қонунчилик маълумотлари базасида жойлаштирилган ҳужжатлар матни билан бепул танишиш ва улардан нусха олиш имконияти сақланиб қолади. Қўшимча харажат талаб қиладиган хизматлар эса белгиланган тартибда кўрсатилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.