Қашқадарёда лицензиясиз ишлаган дорихона фош этилди
Қашқадарёда лицензиясиз ишлаган дорихона фош этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қашқадарё вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар лицензияси бекор қилинганидан кейин ҳам дори воситаларини сотишни давом эттирган дорихона фаолиятига чек қўйди.
Қашқадарё вилояти Бош прокуратураси ҳузуридаги Департамент бошқармаси маълум қилишича, терговга қадар текширув давомида «H.B.» хусусий корхонаси раҳбари М. У. корхона лицензияси суд қарори билан бекор қилинганига қарамасдан, дори воситалари ва тиббий мақсаддаги буюмларни чакана сотиш билан шуғуллангани аниқланган.
Тергов маълумотларига кўра, лицензиянинг амал қилиши тугатилганидан кейин корхона жами 2,4 млрд сўмлик дори воситаларини сотган.
Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.