Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ҳаво ҳароратининг совиши, тунги ҳароратнинг кескин пасайиши ва шамолсиз об-ҳаво шароитида атмосфера инверсияси ҳодисалари кузатилиши муносабати билан пойтахт ҳудудида кўмир ёқиб иситиладиган иссиқхона хўжаликларидан атмосферага ифлослантирувчи моддалар чиқарилиши юзасидан фуқароларнинг мурожаат ва шикоятлари кўпайди.
Жумладан, Юнусобод тумани аҳолиси атмосфера ҳавоси сифати ёмонлашгани ва ёқимсиз ҳидлар пайдо бўлгани ҳақида хабар берган. Бу ҳолатлар, одатда, иссиқхоналарни иситиш учун кўмирдан фойдаланиш билан боғлиқ.
Ҳар бир мурожаат бўйича экологик хизматлар мутахассислари жойларга чиқиб, текширувлар ўтказди ҳамда ишончли маълумотларни олиш ва Тошкент атмосферасига ифлослантирувчи моддалар чиқарилишига йўл қўяётган шахсларга нисбатан чоралар кўриш мақсадида ҳаво намуналарини олди.
Махсус комиссия пойтахт атмосфера ҳавоси сифатига турли антропоген манбаларнинг салбий таъсирини камайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Ифлосланишнинг асосий манбалари қаторига саноат корхоналари, автотранспорт, иситиш тизимлари, куз-қиш мавсумида эса турар жойларга яқин ҳудудларда жойлашган иссиқхона хўжаликлари ҳам киради.
Иссиқхона хўжаликларининг таклифлари
Иссиқхона хўжаликлари вакиллари амалдаги объектларни модернизация қилиш, экологик тоза иситиш технологияларига ўтиш ва белгиланган меъёрларга мувофиқ атмосферага чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар миқдорини хавфсиз даражагача камайтиришга тайёр эканликларини бир неча бор билдирган.
Уларнинг таклифлари хўжаликларни энергия тежамкор технологияларга ўтказиш, замонавий иситиш тизимлари билан қайта жиҳозлаш ҳамда атмосферага чиқариладиган моддаларни онлайн режимда мониторинг қилишни назарда тутади.
Жумладан, иситиш тизимларига эга бўлган ва давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаларини олган хўжаликлар табиий газ, шу жумладан суюлтирилган газ, электр энергияси, геотермал ва қуёш энергияси, шунингдек, иссиқлик электр станциялари томонидан ишлаб чиқариладиган иккиламчи иссиқлик энергиясидан фойдаланган ҳолда ишлаши таклиф этилмоқда.
Агар ушбу технологиялардан фойдаланиш имкони бўлмаса, хўжаликлар иссиқхоналарни кўмир билан иситишга рухсат беришни таклиф қилмоқда.
Уларнинг таклифларига кўра, бундай ҳолатда хўжаликлар замонавий, сертификатланган қозон ускуналари билан жиҳозланиши, белгиланган стандартларга жавоб берадиган чиқиндиларни тозалаш ва фильтрлаш тизимлари мажбурий равишда ўрнатилиши лозим. Шунингдек, видеокузатув тизимлари ўрнатилиб, маълумотлар ва видеотасвирлар Экология миллий қўмитаси ҳузуридаги Миллий экологик мониторинг марказига узатилиши керак.
Таклифларни кўриб чиқиш ва ўлчов натижалари
Таклифлар Экология миллий қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва бошқа манфаатдор давлат органлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилди.
Иссиқхона хўжаликлари Хитой технологиялари асосида ишлаб чиқилган қозон ускуналари ва фильтрлар тизимидан иборат комплекс иситиш тизимининг тажриба намунасини тақдим этди.
Миллий экологик мониторинг маркази мутахассислари оммавий ахборот воситалари ва Экология миллий қўмитаси Жамоатчилик кенгаши вакиллари иштирокида тасдиқланган методика асосида атмосферага чиқариладиган моддалар миқдорини бир неча бор ўлчади.
Жорий йилнинг 30 сентябрь ва 8 октябрь кунлари ўтказилган ўлчовлар фильтр намунаси чиқиндиларининг кўрсаткичлари аҳоли саломатлиги учун хавфсиз меъёрларга мос келмаслигини кўрсатди. Эришилган келишувга мувофиқ, хўжаликлар тажриба намунасини такомиллаштириши, у тайёр бўлганидан сўнг эса ишчи гуруҳ такрорий ўлчовларни ўтказиши керак.
Бундан ташқари, ишчи гуруҳ иссиқхона хўжаликларининг қозон ускуналари учун мўлжалланган фильтрлар чиқиндиларига нисбатан хавфсиз меъёрларни тасдиқлаш тўғрисидаги ҳужжат лойиҳасини тайёрлади.
Қўллаб-қувватлаш чоралари ва назорат
«Яшил иссиқхоналар»га айланишни режалаштираётган хўжаликлар учун салмоқли субсидиялар ва солиқ имтиёзлари пакетини тақдим этиш назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, ифлослантирувчи моддалар чиқарилиши фуқаролар саломатлигига зарар етказишини ҳисобга олган ҳолда, экологик хавфсиз иситиш тизимлари билан жиҳозланмаган хўжаликларнинг пойтахт ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини юритишига қўйилган тақиқ сақланиб қолади.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия билан биргаликда тадбиркорлик субъектларини текширишга нисбатан амалдаги мораторий талабларига риоя қилган ҳолда иссиқхона хўжаликлари фаолияти устидан доимий экологик мониторинг олиб боради.