Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистоннинг ҳуқуқий кафолатлар бўйича тажрибаси Венада тақдим этилди

UzDaily таҳририяти · 02.07.2026 · 18:00 · 28 views
Ўзбекистоннинг ҳуқуқий кафолатлар бўйича тажрибаси Венада тақдим этилди

Ўзбекистоннинг ҳуқуқий кафолатлар бўйича тажрибаси Венада тақдим этилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 30 июнь куни Вена шаҳрида бўлиб ўтган ЕХҲТнинг Инсонийлик мезонлари бўйича қўшимча йиғилиши доирасидаги тадбирда Ўзбекистоннинг жиноий одил судлов тизимини такомиллаштириш ва ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлаш борасидаги тажрибаси тақдим этилди.

Ушбу тадбир "Қийноқларнинг олдини олишда олдинга силжиш: жиноий одил судлов тизимида ҳуқуқий кафолатлар, назорат ва ҳисобдорликни кучайтириш" мавзусига бағишланди. У ЕХҲТнинг "Қийноқлар ва шафқатсиз муносабатнинг олдини олиш: ҳамкорлик ва ҳуқуқни қўллашни мустаҳкамлаш" деб номланган инсонийлик мезонлари бўйича қўшимча йиғилиши доирасида бўлиб ўтди.

Қўшимча тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг нутқини Ўзбекистон Республикасининг Венадаги ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов ўқиб эшиттирди.

Ўзбекистон номидан сўзланган нутқда қийноқларни тақиқлаш мутлақ азму қарор эканлиги ва унга амал қилишда ҳар қандай вазиятдан қатъи назар, ҳеч қандай истисноларга йўл қўйилмаслиги алоҳида таъкидланди. Қайд этилганидек, БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясига 1995 йилда қўшилган Ўзбекистон ушбу халқаро ҳужжатга қатъий риоя этишни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири деб билади.

Иштирокчилар Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини олиш миллий тизимини мустаҳкамлаш, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш ҳамда инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган ислоҳотларни ижобий баҳолади.

Қўшимча тадбир ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ), Халқаро тараққиёт ва адлия маркази ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ташкилотчилигида ўтказилди.

Тадбирда ЕХҲТга аъзо давлатлар делегациялари, халқаро ташкилотлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва фуқаролик жамиятининг 50 дан ортиқ вакили иштирок этди. Қатнашчилар сўроқларни самарали ўтказиш, озодликдан маҳрум этиш жойларининг мустақил мониторингини олиб бориш, аҳолининг заиф қатламларини ҳимоя қилиш ва одил судловдан фойдаланишни таъминлаш масалаларини муҳокама қилди.

Муҳокамалар жиноят ишларини юритишнинг барча босқичларида ҳуқуқий кафолатларни такомиллаштириш, қамоқда сақлаш жойлари устидан мустақил назоратни кучайтириш, аҳолининг ҳимояга муҳтож тоифаларини ҳимоя қилиш, шунингдек, инсон ҳуқуқларига риоя этишга асосланган сўроқ ўтказишнинг замонавий халқаро стандартларини жорий этишга бағишланди.

ЕХҲТ ДИИҲБ директори Мария Телалян сўзга чиқиб, қийноқларнинг олдини олиш ЕХҲТ фаолиятининг инсонпарварлик йўналишидаги асосий жиҳатларидан бири эканини уқтирди. Бу, ўз навбатида, давлат органлари, мустақил мониторинг механизмлари, фуқаролик жамияти ҳамда халқаро ҳамкорларнинг яқин ҳамжиҳатлигини талаб қилишини таъкидлади.

Халқаро тараққиёт ва одил судлов марказининг фахрий президенти Ренате Винтер гендерга оид ёндашув ҳамда озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган аёллар, болалар ва бошқа заиф гуруҳларга мансуб шахсларни алоҳида ҳимоя қилиш муҳимлигини қайд этди. У судьялар мустақиллиги масаласига алоҳида тўхталиб, айрим мамлакатларда суд ҳокимияти ҳақиқатан ҳам мустақил экани, бошқаларида эса судьялар ташқи таъсирга қарам бўлиб қолаётганини таъкидлади.

Тадбир давомида миллий превентив механизмларни мустаҳкамлаш, озодликдан маҳрум этиш жойлари устидан мустақил назоратни таъминлаш, гендерга оид ҳимоя механизмларини ривожлантириш масалалари юзасидан атрофлича фикр юритилди. Шунингдек, Мендес тамойиллари, Истанбул протоколи ва Нельсон Мандела қоидаларини амалда қўллаш бўйича халқаро ёндашувлар тақдимоти бўлиб ўтди.