Иқтисод

Ўзбекистонда корхоналарда HACCP тизимини жорий этиш муҳокама қилинди

Ўзбекистонда корхоналарда HACCP тизимини жорий этиш муҳокама қилинди
Ўзбекистонда корхоналарда HACCP тизимини жорий этиш муҳокама қилинди / Фото: Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигига қўйиладиган халқаро талабларни янада жорий этиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

 

Масалалар Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси раиси Азизбек Урунов ва Халқаро савдо маркази (ITC)нинг Шарқий Европа ҳамда Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик йўналиши раҳбари Елена Бутримова ўртасидаги учрашувда кўриб чиқилди.

Томонлар ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири сифатида корхоналарда хавфларни таҳлил қилиш ва муҳим назорат нуқталари тизими — HACCP, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини бошқаришнинг бошқа халқаро тизимларини жорий этишни белгилади.

Учрашувда корхоналарнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини ошириш ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг хорижий бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириши ва уларнинг экспорт салоҳиятини ошириши таъкидланди.

Шунингдек, Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган Ready4Trade Central Asia лойиҳаси имкониятларидан фойдаланган ҳолда экспортга йўналтирилган озиқ-овқат саноати корхоналарини қўллаб-қувватлаш масаласи алоҳида муҳокама қилинди.

Иштирокчилар рақамлаштириш масалаларини ҳам кўриб чиқди.

Халқаро ҳамкорликнинг амалдаги намунаси сифатида Ўзбекистоннинг фитосанитария соҳасидаги тажрибаси қайд этилди. Унда электрон фитосанитар сертификатлар IPPC ePhyto Solution халқаро тизими орқали алмашилади.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.