Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда ходимларнинг ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, иш жойида тазйиқ, зўравонлик ва камситишнинг олдини олишга қаратилган миллий дастурни амалга ошириш бошланди. Уни жорий этишнинг амалий масалалари Тошкентда давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва ривожланиш бўйича ҳамкорларнинг қарийб 70 нафар вакили иштирокида муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбарининг маслаҳатчиси, Инсон капиталини ривожлантириш бўйича лойиҳа офисининг бош координатори Назимахон Давлетова ўзаро ҳурмат маданияти ҳар бир ташкилотда меъёрга айланиши кераклигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, ислоҳот жинсидан қатъи назар, инсонлар ва институтлар ўртасида ҳурматга асосланган муносабатларни шакллантиришга қаратилган. Давлетова бундай маданият соғлом жамиятни барпо этиш ва Янги Ўзбекистон учун малакали кадрлар тайёрлашга замин яратишини қайд этди.
Дастур доирасида 2026 йил декабрига қадар «Хавфсиз ва ўзаро ҳурматга асосланган иш муҳити» рақамли портали ишга туширилиши режалаштирилган. У ходимларга иш жойидаги қоидабузарликлар ҳақида аноним тарзда хабар бериш имконини беради.
Бундан ташқари, мамлакатнинг 14 та ҳудудида 700 нафар фасилитатор тайёрланади. Улар инсон ресурсларини бошқариш ва хавфсиз иш муҳитини яратиш учун масъул бўлган давлат ташкилотларининг 35 минг нафар ходими учун ўқув машғулотларини ўтказади. Дастурда, шунингдек, ходимларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва кўрилган чораларни мониторинг қилиш механизмларини жорий этиш назарда тутилган.
Тадбирда Олий суд раиси Робахон Маҳмудова, Бош прокурор ўринбосари Светлана Артикова, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармасининг (UNFPA) Ўзбекистондаги доимий вакили Нигина Абасазаде ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабин Маль иштирок этди.
Иштирокчилар қонунчиликда белгиланган кафолатларни ходимларни ҳимоя қилишнинг амалда ишлайдиган механизмларига айлантириш ва давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидладилар.
Миллий дастур 2026 йил 21 сентябрдаги ПҚ-345-сон Президент қарори ва 2026 йил 28 сентябрдаги 518-сон Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида амалга оширилмоқда.