Ўзбекистонда ҳарбий хизматчиларнинг мақоми тўғрисида қонун қабул қилинди
Ўзбекистонда ҳарбий хизматчиларнинг мақоми тўғрисида қонун қабул қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда дастлаб “Ҳарбий хизматчиларнинг мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, муносиб хизмат ва яшаш шароитларини яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси ҳам ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигига оид муносабатларни, шунингдек ҳарбий хизматчилар, ҳарбий хизматдан бўшатилган фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларини ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларини ягона қонун даражасида тартибга солишни назарда тутади.
Қонун лойиҳасида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим кафолатлар назарда тутилмоқда. Хусусан, ҳарбий хизматчиларни моддий таъминлаш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, уй-жой билан таъминлаш, мажбурий давлат суғуртаси ва пенсия таъминоти, шунингдек хизмат вазифасини бажариш чоғида жароҳат олган ёки ҳалок бўлган тақдирда компенсация тўловларини амалга ошириш каби механизмлар қонун даражасида мустаҳкамланмоқда.
Шу билан бирга, уларнинг оила аъзоларига тиббий хизматдан фойдаланиш, фарзандларини таълим ва дам олиш муассасаларига жойлаштириш ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланяпти.
Мажлисда мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинганидан сўнг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан уни иккинчи ўқишга тайёрлаш юзасидан муайян ишлар амалга оширилгани қайд этилди. Қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида депутатлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар, соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти натижалари атрофлича ўрганилгани урғуланди.
Шерзод ҚУЛМАТОВ, масъул қўмита аъзоси:
— Биринчи ўқишда депутатлар томонидан ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқий мақомини белгилашга оид айрим нормаларни аниқлаштириш, ижтимоий кафолатларни кучайтириш, ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг мазмунини янада равшан ифодалаш, қонун нормаларини амалиётда қўллашда юзага келиши мумкин бўлган турлича талқинларни бартараф этиш ҳамда қонуннинг тўғридан-тўғри амал қилиш механизмларини яхшилашга қаратилган таклифлар билдирилган эди. Мазкур таклифлар қўмита ва ишчи гуруҳ йиғилишларида ҳар томонлама муҳокама қилиниб, уларнинг аксарияти қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида инобатга олинди. Натижада лойиҳанинг бир қатор нормалари таҳририй ва юридик-техник жиҳатдан қайта ишланди. Айрим қоидаларнинг мазмуни аниқлаштирилиб, ҳуқуқни қўллаш амалиёти учун қулай бўлган ҳуқуқий механизмлар шакллантирилди. Шунингдек, лойиҳадаги нормаларнинг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш, ҳуқуқий бўшлиқлар ва турлича талқин қилиниши мумкин бўлган ҳолатларни бартараф этиш, қонуннинг ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги самарадорлигини ошириш мақсадида қўшимча таҳрирлар киритилди.
Муҳокамалар жараёнида қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқий мақомини белгилашда ягона ҳуқуқий ёндашувни шакллантириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, ижтимоий кафолатларни мустаҳкамлаш ҳамда ҳарбий хизмат нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.