Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев енгил саноат корхоналарининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирларни маъқуллади. Улар қаторида 36 ойлик кредит таътили бериш ва экспорт тушумини қайтариш муддатини 365 кунгача узайтириш ҳам назарда тутилган.
Чора-тадбирлар 2026 йил 26 ноябрдаги «Енгил саноат корхоналарининг ташқи бозорларда рақобатбардошлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-407-сон қарорда белгиланган. Улар 2026–2029 йилларга мўлжалланган.
Мақсадли кўрсаткичлар
2030 йилга қадар экспорт ҳажми 10 миллион доллардан ошадиган корхоналар сонини 2 бараварга кўпайтириш режалаштирилган. 1000 нафардан ортиқ иш ўрнига эга корхоналар сони эса 60 тага етказилади.
11 триллион сўм миқдоридаги айланма маблағлар ҳисобига қўшимча 23 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу 500 миллион долларлик экспорт салоҳиятини яратиш ва 110 мингдан ортиқ иш ўрнини сақлаб қолиш имконини бериши керак. Бундан ташқари, тежамкор бошқарув тизимларини жорий этиш орқали маҳсулот таннархини ўртача 7 фоизгача камайтириш назарда тутилган.
Кредитлар ва экспорт
Инвестиция лойиҳалари ҳамда айланма маблағларни тўлдириш учун ажратилган кредитлар бўйича асосий қарзни қайтариш муддати 36 ойга узайтирилади. Яъни корхоналарга кредит таътили берилади. Шунингдек, фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш тизими жорий этилади.
Экспорт тушумини қайтариш муддати 2028 йил 1 январга қадар 365 кунгача узайтирилади. Ушбу даврда корхоналарга нисбатан жарималар ва экспорт операцияларига доир чекловлар қўлланилмайди.
Аввал тақдим этилган божхона божидан озод қилиш имтиёзлари 2030 йил 1 январга қадар узайтирилади. Ушбу имтиёзлар ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ва мамлакатга олиб кириладиган хомашё, бошқа материаллар, бутловчи буюмлар ҳамда эҳтиёт қисмларга тааллуқли.
Пахта толасини қайта ишлаш қувватларига эга пахта-тўқимачилик кластерлари ва тўқимачилик корхоналарининг кредит қарздорлиги ундирилаётганда, сотиб олинган хом пахта ҳамда ундан ишлаб чиқарилган толага ундирув қаратилишига йўл қўйилмайди.
Кредит таътилини бериш тартиби
Ҳужжатда кредит таътилини бериш тартиби белгиланган. Ушбу даврда кредит бўйича фоизлар шартномада белгиланган тартибда тўланишда давом этади. Кредитни узил-кесил қайтариш муддати 36 ойга узайтирилади, гаров таъминоти эса сақлаб қолинади.
Кредит таътили, биринчи навбатда, иқтисодий кўрсаткичлари барқарор бўлган корхоналарга берилади. Бундай корхоналар қаторига ишлаб чиқариш қувватларига, доимий иш ўринларига эга, қайта ишлаш занжирида иштирок этадиган ва банкротлик жараёнлари бошланмаган корхоналар киради. Мезонлар Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги томонидан 2024 йил 22 июлдаги ПФ-103-сон фармоннинг 5-банди асосида тузилган ишчи гуруҳ билан биргаликда белгиланади.
Кредит таътили олган корхоналар зиммасига 12 ой ичида халқаро сертификатлар (BCI, Betterwork ва бошқалар) ҳамда молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини жорий этиш талаби юкланади. Ушбу талабнинг бажарилишини Агентлик назорат қилади ва мониторинг натижаларини тижорат банкларига тақдим этади.
Агар корхона фоиз тўловларини 90 кундан ортиқ муддатга кечиктирса ёки белгиланган талабни бажармаса, банк кредит таътилини бекор қилиш, кредитни муддатидан олдин ундириш ва гаровга қўйилган мол-мулкка ундирув қаратиш ҳуқуқига эга бўлади.
Компенсациялар ва қўллаб-қувватлаш
«Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ кредитлар бўйича фоиз харажатларини компенсация қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан енгил саноат корхоналарига ажратилган кредитлар бўйича тижорат банклари харажатларининг бир қисмини қоплаб беради. Бунда кредит миқдори, тадбиркорлик субъекти тоифаси, ҳудуд ва барқарорлик рейтинги аҳамиятга эга бўлмайди.
2029 йил 31 декабрга қадар миллий валютадаги кредитлар бўйича Марказий банкнинг асосий ставкасининг икки бараваридан ошмайдиган миқдордаги ставка доирасида компенсация тўланади. Компенсация асосий ставканинг ортиқча қисми учун, бироқ 10 фоиз бандидан кўп бўлмаган миқдорда берилади. Хорижий валютадаги кредитлар бўйича эса 5 фоиз бандигача бўлган миқдордан ошадиган фоиз харажатларининг бир қисми, бироқ 7 фоиз бандигача компенсация қилинади.
Бундан ташқари, амалдаги кредитларни ажратиш учун жалб қилинган ресурслар ставкалари билан уларни қайта молиялаштиришга мўлжалланган янги ресурслар ставкалари ўртасидаги ижобий фарқ ҳам қопланади. Бунда фарқ 4 фоиз бандигача, компенсация муддати эса беш йилдан ошмаслиги керак.
Енгил саноатни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан маҳсулот таннархини мақбуллаштиришга қаратилган тадбирлар (Kaizen, Lean management ва бошқалар) харажатлари қопланади.
2027 йил 1 июлга қадар сунъий толани қайта ишлашга ихтисослашган корхоналарга ушбу толани импорт қилиш билан боғлиқ транспорт харажатларининг бир қисми, яъни 1 тонна учун 200 доллар қоплаб берилади.
2028 йил 1 январга қадар электрон савдо платформаларида сотилган маҳсулот қийматининг 3 фоизи, шунингдек, ушбу платформаларда маҳсулот рекламаси билан боғлиқ харажатларнинг бир қисми қопланади.
Банклар олдидаги қарздорлик
Қарздорликни ундириш чоралари доирасида тижорат банклари ва уларнинг инвестиция компанияларига қарзни қоплаш ҳисобига банк балансига ўтказилган, бозор қиймати 15 миллион доллардан юқори бўлган тўқимачилик корхоналарини сотишга рухсат берилади.
Уларни қонунчиликда белгиланган тартибда бевосита 10 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиш мумкин. Бошланғич тўлов миқдори ва бўлиб тўлаш шартларини банк бошқарув органи асосланган рискдан келиб чиқиб белгилайди. Харидор ўз мажбуриятларини тўлиқ бажаргунига қадар мол-мулк гаровда қолади.
Корхоналар янги инвесторга сотилгунига қадар банклар ўз бошқарув гуруҳи кучлари билан ишлаб чиқаришни тиклаши ва маҳсулотларни экспортга чиқариши мумкин. Инвесторларни жалб қилишда маҳаллий тадбиркорларга устуворлик берилади.
Кредитлари узайтирилмаган пахта-тўқимачилик кластерлари бўйича иқтисодий жиҳатдан тикланиш имкониятига эга корхоналарнинг кредитлаш шартларини қайта кўриб чиқишга, шунингдек, молиявий соғломлаштиришнинг бошқа механизмларини қўллашга рухсат берилади.
Имтиёзли Жамғарма маблағларидан фойдаланган кластерлар ҳамда улар таркибига кирувчи ип йигириш ва бошқа корхоналарнинг барча тушумлари хизмат кўрсатувчи банкдаги асосий ҳисоб-китоб рақами орқали ўтказилади. Бошқа банкларда иккиламчи ҳисобварақлар очишга йўл қўйилмайди.
Кластерларнинг Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси олдидаги қарзлари
Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 2022–2023 йиллардаги пахта ҳосили учун ажратилган кредитлар бўйича қарздорлиги мавжуд кластерлар, шунингдек, фаолият юритаётган кластерларнинг жами 3,2 триллион сўмлик кредит тўловларини қайтариш муддати узайтирилади.
Тўловлар 2028–2029 йилларда ҳар ойда тенг улушларда қайтарилиши керак. Кредитнинг йиллик фоиз ставкаси 10 фоизни, шу жумладан, банк маржаси 2 фоизни ташкил этади. Амалдаги тартиб бўйича ҳисобланган фоизлар 2026 йил охирига қадар ундирилади.
2025 йилги пахта ҳосили учун ажратилган 1,2 триллион сўмлик кредит бўйича қарзни тўлаш муддати уни тенг улушларда бўлиб тўлаш шарти билан 2027 йил 1 мартга қадар узайтирилади.
Агар Жамғарманинг 2023 йил ва ундан олдинги йилларда пахта етиштириш ҳамда йиғиб-териб олиш учун ажратган кредитлари белгиланган муддатда қайтарилмаган бўлса, кредитнинг қайтарилмаган қисми учун Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 баравари миқдорида фоиз тўлаш талаби бекор қилинади. Ушбу тартиб асосида ҳисобланган фоизлар ҳам бекор қилинади.
Молиявий барқарорлиги паст кластерларнинг кредит қарздорлиги «Агробанк» АТБ молиявий ҳолатига салбий таъсирини камайтириш мақсадида республика бюджетидан Жамғарма орқали банк депозит ҳисобварағига 2 триллион сўм жойлаштирилади.
Маблағлар 2031 йил 31 декабрга қадар, йиллик 9 фоиз ставкада, шу жумладан, икки йиллик имтиёзли давр билан жойлаштирилади. Фоизлар йилига бир марта тўланади.
Ушбу маблағлар қайта ишлаш қувватлари ва пул оқимларидан келиб чиқиб, истиқболсиз деб топилган ҳамда 2022–2023 йиллар ҳосили бўйича қарздорлиги мавжуд кластерларнинг кредитларини қайта расмийлаштириш орқали Жамғарма ресурсларини қайтаришга йўналтирилади.
Қишлоқ хўжалиги ва ходимлар
2027 йил ҳосилидан бошлаб қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига имтиёзли кредитлар ажратишда уларнинг кредит тарихи ҳисобга олинади.
Тижорат банклари пахта ва ғалла етиштиришни молиялаштириш учун Жамғармадан жалб қилинган ресурслар бўйича фоизларни қишлоқ хўжалиги корхоналарининг фоиз тўловлари муддатларига мувофиқ мавсумий равишда тўлайди.
Шу йилги ҳосилдан бошлаб Жамғарманинг пахта ва ғалла етиштириш учун ажратиладиган ресурслари бўйича ставка 2 фоиз бандига пасайтирилади, «Агробанк» АТБнинг маржаси эса 4 фоиз этиб белгиланади.
Андижон вилоятидаги ўртача йиллик ходимлари сони 500 нафарни ташкил этадиган енгил саноат корхоналарида камида беш йил иш стажига эга ходимларнинг фарзандлари учун олий таълим муассасаларида ўқиш контрактининг 100 фоизи 2029 йил 1 январга қадар республика бюджетидан қоплаб берилади.
Шунингдек, ходимларни ташиш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми қопланади.
2027 йил 1 апрелдан бошлаб ушбу чоралар бошқа ҳудудлардаги корхоналарга ҳам татбиқ этилади. Бундай корхоналарни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Агентлик ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва ходимларнинг ўртача йиллик сонидан келиб чиқиб белгилайди.
Бюджет ва қарор ижроси
Иқтисодиёт ва молия вазирлигига 2026 йил учун республика бюджетининг қўшимча манбасидан фоиз харажатларини компенсация қилишга 200 миллиард сўмгача маблағ ажратиш топширилди.
2029 йилга қадар ушбу харажатлар бюджет параметрларини шакллантиришда ҳисобга олинади.
Тошкент вилояти ҳокимлигига вазирлик билан биргаликда Юқоричирчиқ туманидаги «Кўрсой» ва «Нурли замин» маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида тўқимачилик саноати зонаси инфратузилмасини ривожлантириш харажатларини 2027 йилги Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритиш масаласини кўриб чиқиш топширилди.