Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 2027–2028 йилларда болалар ва аёлларнинг аҳволини баҳолаш мақсадида кўплаб кўрсаткичлар бўйича кластер тадқиқоти (MICS) ўтказилади. Тадқиқотни ўтказиш тартиби 2026 йил 9 октябрдаги 556-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган. Ҳужжатда, шунингдек, Миллий тармоқлараро мувофиқлаштирувчи кенгаш таркиби ҳам белгиланган.
Тадқиқот Миллий статистика қўмитаси томонидан БМТнинг Болалар жамғармаси (UNICEF) билан ҳамкорликда ташкил этилади. Миллий статистика қўмитаси тадқиқотни ўтказиш учун масъул ваколатли орган этиб белгиланган.
Тайёргарлик босқичини 2027 йил июнь ойига қадар якунлаш режалаштирилган. Уй хўжаликларини текшириш 2027 йил ноябрь ойига қадар ўтказилиши, маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш эса 2028 йил март ойига қадар якунланиши керак.
Миллий ҳисоботни тайёрлашни 2028 йил июнь ойига қадар тугаллаш назарда тутилган. Тадқиқот натижаларини эълон қилиш эса шу йилнинг июль ойига қадар режалаштирилган. Олинган маълумотлар асосида тегишли йўналишларни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни 2028 йил ноябрь ойига қадар ишлаб чиқиш мўлжалланган.
Тадқиқотга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни мувофиқлаштириш, шунингдек, натижаларини таҳлил қилиш мақсадида Миллий тармоқлараро мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилди. Тадқиқотни ташкил этишга республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, вазирликлар ҳамда идоралар жалб қилинади.
Сўровлар ўтказиш жараёнида шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва статистик ахборотнинг махфийлигини таъминлаш чоралари кўзда тутилган. Уй хўжаликларини текшириш жараёнига ҳар қандай аралашув қатъиян тақиқланади.
MICS натижалари мамлакатда болалар ва аёлларнинг аҳволини баҳолаш, ижтимоий кўрсаткичларни таҳлил қилиш ҳамда тегишли соҳаларни янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни белгилаш имконини беради.