Иқтисод

Ўзбекистонда автобусларга газ қуйиш шохобчаларида устуворлик берилади

Ўзбекистонда автобусларга газ қуйиш шохобчаларида устуворлик берилади
Ўзбекистонда автобусларга газ қуйиш шохобчаларида устуворлик берилади / Фото: «Ўзбекнефтгаз» АЖ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда куз-қиш мавсумида жамоат транспортига газ ёқилғиси қуйишда устуворлик бериш таклиф этилмоқда.

Ушбу чора 2030 йилгача маҳаллий йўловчи ташиш соҳасини ривожлантириш стратегияси тўғрисидаги президент қарори лойиҳасида назарда тутилган.

Лойиҳага кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига Энергетика вазирлиги ҳамда Транспорт вазирлиги билан биргаликда жамоат транспортини газ ёқилғиси билан узлуксиз таъминлашни ташкил этиш топширилади.

Бунинг учун газ қуйиш шохобчаларида автобуслар ва бошқа жамоат транспорти воситалари учун алоҳида навбат — «яшил йўлак» ажратиш таклиф қилинмоқда. Бу йўловчи ташувчиларга куз-қиш мавсумида устувор тартибда хизмат кўрсатилишини таъминлашга қаратилган.

Шу билан бирга, лойиҳада ушбу чора қачондан амалга киритилиши, қайси газ қуйиш шохобчаларида янги тартиб жорий этилиши ва алоҳида навбатни ташкил қилишнинг аниқ механизми кўрсатилмаган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.