Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини автоматлаштирилган тарзда назорат қилиш ускуналарини харид қилиш бўйича бошланғич қиймати 10,3 млрд сўм бўлган тендер бекор қилинди.
Бундай қарор Рақобат қўмитаси буюртмачи — Telecom Soft компанияси ҳаракатларида рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилгани аломатларини аниқлаганидан сўнг қабул қилинди.
Идора маълумотларига кўра, 2026 йил 12 октябрда ўтказилган харид тартиб-таомилини ўрганиш натижасида «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддаси талабларига риоя этилмагани аломатлари аниқланган.
Жумладан, савдоларни ўтказиш жараёнида рақобатни чеклаши мумкин бўлган ҳаракатлар қайд этилган.
Харид автоматлаштирилган йўл ҳаракати назорати тизимлари учун қурилмаларни сотиб олишни назарда тутган. Ҳолатлар ўрганилганидан сўнг Telecom Soft компанияси ўтказилган танловни ихтиёрий равишда бекор қилди.
Рақобат қўмитасида таъкидланишича, бундай қонунбузилишларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш давлат маблағларидан самарали ҳамда шаффоф фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлар учун очиқ ва адолатли рақобат муҳитини шакллантиришга қаратилган.