Ўзбекистонда 13 кг героин транзитига чек қўйилди
Ўзбекистонда 13 кг героин транзитига чек қўйилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бухоро вилояти божхона бошқармаси ходимлари «Олот» божхона пости ходимлари ва Давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда Ўзбекистон ҳудуди орқали йирик партиядаги наркотик моддаларни транзит тарзда олиб ўтишга бўлган уринишнинг олдини олди.
Идора маълумотларига кўра, 30 май куни божхона постида Афғонистондан Россияга йўл олган юк автомобили кўрикдан ўтказилган. Текширув жараёнида рентген ускуналари ёрдамида 18,6 тонна қадоқланган қуритилган ўрик юки орасидан шубҳали жойлаштирилган буюмлар аниқланган.
Кейинги текширувлар натижасида қуритилган ўриклар орасига яширилган 13 та картон қутидан наркотик моддалар топилган. Суд-криминалистик экспертиза хулосасига кўра, ушбу моддалар умумий оғирлиги қарийб 13 килограмм бўлган героин экани тасдиқланган.
Мутахассислар баҳосига кўра, мусодара қилинган партиянинг қора бозордаги қиймати 1,5 миллион АҚШ долларигача етиши мумкин.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.