Ўзбекистон Янги Тараққиёт Банкига қўшилишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон Янги Тараққиёт Банкига қўшилишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон Янги Тараққиёт Банкига қўшилишни режалаштирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда депутатлар мамлакатимиз иқтисодий тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган қонун лойиҳаси — Ўзбекистоннинг Янги тараққиёт банки (ЯТБ) тўғрисидаги битимга қўшилиши масаласини муҳокама қилмоқда.

Мамлакатимизнинг мазкур битимга қўшилиши ўзига хос тарихий воқеа сифатида миллий манфаатларни кўзлаган очиқ, прагматик инвестиция сиёсатнинг мантиқий давомидир.

Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон 2014 йилда ташкил этилган мазкур нуфузли молиявий институтга аъзо бўлиш орқали глобал инвестиция жараёнларидаги иштирокини кенгайтиришни мақсад қилган.

Таъкидланишича, ушбу ҳамкорлик иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш, замонавий инфратузилмани барпо этиш ва узоқ муддатли имтиёзли молиявий ресурсларни жалб этиш имкониятларини сезиларли даражада оширади.

Янги тараққиёт банки, аввало, ривожланаётган мамлакатларда инфратузилма ва барқарор ривожланиш лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга ихтисослашган бўлиб, унга аъзо бўлган давлатлар ўртасида ўзаро манфаатдорлик тамойиллари асосида фаолият юритади.

Депутатларнинг фикрича, Ўзбекистоннинг Янги тараққиёт банкига аъзо бўлиши миллий иқтисодиётни модернизация қилишда муқобил ва имтиёзли сармоялар оқимини таъминлаш имконини беради.

Ушбу ҳамкорлик мамлакатимизга халқаро молиявий майдонда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш, энергетика, инфратузилма, сув хўжалиги ва транспорт соҳаларида истиқболли инвестиция лойиҳаларини имтиёзли шартларда молиялаштириш учун янги имкониятлар эшигини очади. Юртимизда янги корхоналар ва минглаб иш ўринларини яратишга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг