Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Молия

Ўзбекистон ва Янги тараққиёт банки ҳамкорликни муҳокама қилишди

UzDaily · 18.06.2026 · 17:50 · 19 views
Ўзбекистон ва Янги тараққиёт банки ҳамкорликни муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Янги тараққиёт банки ҳамкорликни муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 17 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Янги тараққиёт банки президенти Дилма Руссефф хоним билан учрашди.

Янги тараққиёт банки 2015 йилда БРИКС мамлакатлари томонидан ривожланаётган давлатлар ҳамда шаклланаётган бозор иқтисодиётига эга мамлакатларда инфратузилма ва барқарор ривожланиш лойиҳаларини молиялаштириш учун ресурсларни сафарбар этиш мақсадида ташкил этилган кўп томонлама тараққиёт банкидир.

Музокаралар давомида томонлар Янги тараққиёт банки билан ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсишини қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Энергетика ва инфратузилма соҳаларидаги лойиҳаларни молиялаштириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, инвестициявий ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш ҳамда стратегик аҳамиятга эга ташаббусларни амалга ошириш учун қўшимча молиявий ресурсларни жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида томонлар шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва истиқболли ҳамкорлик йўналишлари бўйича конструктив мулоқотни давом эттиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.

UzDaily · 👁 19 views · 18.06.2026 · 17:50