Шошилинч
7
Иқтисод

Ўзбекистон ва Шинжон чорвачилик соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Шинжон чорвачилик соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Шинжон чорвачилик соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Хитой Халқаро савдога кўмаклашиш кенгашининг (CCPIT) Шинжон бўлинмаси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Томонлар ўзбекистонлик тадбиркорларнинг Шинжонга бизнес-миссиясини ташкил этишга тайёргарлик кўриш, шунингдек, чорвачилик ва гўштни қайта ишлаш соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.

Музокараларда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари Шерзод Ибрагимов, раис маслаҳатчиси Жамил Мақсудий ҳамда CCPIT Шинжон бўлинмаси раисининг ўринбосари Лю Тянь иштирок этди.

Учрашув аввалида Лю Тянь ўзбекистонлик ҳамкорларга кўп йиллик ҳамкорлик ва кўрсатилган қўллаб-қувватлаш учун миннатдорлик билдирди. Унинг таъкидлашича, Савдо-саноат палатаси кўмагида CCPIT Шинжон бўлинмаси сўнгги йилларда Ўзбекистонда 15 та савдо-иқтисодий тадбир ўтказган.

Учрашувда асосий эътибор Ўзбекистон ишбилармон доиралари вакилларининг Шинжонга режалаштирилган сафарига қаратилди.

Бизнес-миссияда 15 та соҳа вакили бўлган қарийб 150 нафар тадбиркор иштирок этиши кутилмоқда. Устувор йўналишлар қаторига чорвачилик, қорамолчилик, паррандачилик ва гўштни қайта ишлаш киради.

Томонлар ўзбекистонлик тадбиркорларни Хитойда қорамолчилик соҳасида қўлланилаётган технологиялар билан таништириш муҳимлигини таъкидлади.

Таклиф этилган чоралар қаторида ишлаб чиқариш жараёнлари ва амалий ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш мақсадида чорвачилик фермалари ҳамда гўштни қайта ишлаш корхоналарига ташрифлар сонини кўпайтириш масаласи ҳам бор.

Учрашув якунида CCPIT делегацияси Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раҳбариятини 30 октябрь куни Шинжонда бўлиб ўтадиган қўшни давлатлар савдо-саноат палаталари форумида иштирок этишга таклиф қилди.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.