Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон ва Қатар стратегик шерикликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди

UzDaily таҳририяти · 20.07.2026 · 16:25 · 48 views
Ўзбекистон ва Қатар стратегик шерикликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Қатар стратегик шерикликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ироқ Республикаси Курдистон минтақасининг ишбилармон доира вакилларидан иборат делегация билан учрашув ўтказди.

Мулоқот давомида аграр соҳада икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли шерикликни йўлга қўйиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашувда томонлар ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосини кенгайтириш, экспорт-импорт алоқаларини ривожлантириш ҳамда ишбилармонлик муносабатларини мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилди. Шунингдек, мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва янги ҳамкорлик йўналишларини шакллантириш юзасидан фикр алмашилди.

Музокаралар давомида мева-сабзавотчилик, картошкачилик, чорвачилик, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда илмий-тадқиқот йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва хусусий сектор ўртасидаги кооперацияни кенгайтириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Томонлар логистика занжирларини такомиллаштириш ҳамда замонавий савдо инфратузилмасини ривожлантириш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Қайд этилганидек, мазкур йўналишларда самарали ҳамкорлик икки томон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистон аграр соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини таъкидлаб, билдирилган ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли шерикликни изчил ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалий босқичга олиб чиқиш ҳамда аграр тармоқнинг турли йўналишларида ҳамкорликни янада фаоллаштириш бўйича келгусидаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олдилар.